Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги делегация Қўшма Штатларга сафари доирасида АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID)нинг Глобал соғлиқни сақлаш маъмурияти масъуллари билан мулоқот қилди.
Музокаралар чоғида айтилганидек, кейинги йилларда юртимизда USAID грантлари асосида рўёбга чиқарилаётган қатор лойиҳалар тиббиёт соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантириш имконини бермоқда.
2020 йилда ушбу агентликнинг мамлакатимизда ваколатхонаси очилиши икки томонлама муносабтлар юқори босқичга кўтарилганини тасдиқлайди.
USAID билан узоқ муддатли ҳамкорлик натижасида мамлакатимизда сил касаллигини видеотасвир ёрдамида даволаш ва қуёш энергияси, сунъий интеллект билан жиҳозланган, мобиль рентген нурлари каби инновацион ёндашувларни қўллашга эришилди.
Мазкур хайрли ташаббуслар ҳатто энг олис ва чекка ҳудудларимизда ҳам силга қарши хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтирди.
Бинобарин, Агентлик пандемия даврида “С0VAX” дастури бўйича Ўзбекистонга 9,6 миллион доза Pfizer ва Moderna вакциналари етказиб берилишида кўмаклашди. Ўз навбатида, USAID билан фармацевтика соҳасида ҳам алоқалар мустаҳкамланмоқда.
Мулоқотда Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликнинг сармоявий пакетини кенгайтиришга қаратилган дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан келишувга эришилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.