CCВ: Хусусий тиббиёт муассасаларида клиник ординатура бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади

📚 Юқори малакали илмий-амалий кадрлар потенциали мавжуд, замонавий моддий-техник базага эга ва клиник ординаторларни ўқитиш бўйича таълим дастурлари бор хусусий клиникаларда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб, клиник ординатура бўйича мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилади.

📋 Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг 2023/2024 ўқув йилида клиник ординатура (резидентура)га қабул қилиш тўғрисидаги тегишли буйруғида белгиланган.

🏥 Бунинг учун мутахассис тайёрлаш истагини билдирган ва меъёрий ҳужжатлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ талаб ва шартларга жавоб берадиган хусусий клиникалар вазирликка талабнома ва тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.

🔰 Вазирлик қошидаги махсус комиссия томонидан ушбу талабномалар йиғилиб, умумлаштирилади ва тўлиқ маълумот муҳокамага тақдим қилинади.

📌 Комиссия хулосасига мувофиқ унинг аъзолари томонидан амалдаги қонунчиликда белгиланган шарт ва талабларга мос бўлган хусусий клиникалар танлаб олиниб, клиник ординаторларни ўқитиш ваколати берилган ана шундай муассасалар рўйхати тузилади.

📍Бунда, ҳар бир хусусий клиникага сифатли таълим жараёнини амалга ошириш имкониятидан келиб чиққан ҳолда комиссия аъзолари:

✅ ўқитиладиган мутахассисликлар рўйхати;

✅ қабул квоталари кўрсаткичлари;

✅ қабул жараёни учун масъул котиблар номзодларини белгилайди.

‼️Қабул жараёнлари ўрнатилган талабларга мос равишда амалга оширилади.

🏢 Шунингдек, тиббиёт олий таълим муассасалари клиник ординатура мутахассисларини тайёрлайдиган хусусий клиникаларга ҳудудлар кесимида бириктирилади.

📖 Бириктирилган тиббий олий ўқув юртлари ушбу шифохоналарга қабул жараёни, назарий таълим, сифатли узлуксиз таълим жараёнлари, билим ва кўникмалар назорати бўйича методик ёрдам кўрсатади.

🖊Оралиқ ва якуний назорат, 2 босқичли якуний давлат аттестация жараёнларида эса бириктирилган тиббиёт олий таълим муассасаларининг масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари иштирок этади.

♻️ Клиник ординаторларни ўқитиш ваколати берилган хусусий клиникалар ўрнатилган муддатда аккредитациядан ўтгандан сўнг уларга вазирлик томонидан белгиланган нусхадаги гувоҳнома тақдим этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.