Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Косон туманидаги туман марказидан 45 километр масофадаги олис ҳудуд Майдаёбу оилавий шифокорлик пунктида вилоят марказидаги даволаш-профилактика муассасалари ва туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.

🚑 Жами 33 нафар малакали мутахассис вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мобиль поликлиникаси, мобиль офтольмологик поликлиника, мобиль маммограф автомашиналари, бир қатор тиббий ускуналар имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда тиббий кўрикка келган 354 нафар аҳоли вакили саломатлигини назоратдан ўтказишди.

-Бундан 3 йил муқаддам менда буйрак трансплантацияси операцияси ўтказилган эди, – дейди ҳудуддаги Бирлик маҳалласида яшовчи Акмал Содиқов. – Илгари фақат хорижда бажарилган шундай мураккаб операцияни ўзимизнинг шифокорларимиз муваффақиятли амалга оширишди. Айни пайтда ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Аммо дўхтир назоратидан тез-тез ўтиб туришим керак. Олис ҳудуддаги қишлоғимизга шунча йўл босиб вилоят ва туман марказидан дўхтирлар келишибди. Мана шундай тиббий кўрикларни ташкил этганларга минг раҳмат, малакали шифокорлар назоратидан ўтиб, зарур тавсияларни олдим.

-Муассасамиз 6900 дан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади,- дейди Майдаёбу ОШП мудири Рўзиқул Раҳматов. – Пунктимиз ёнида очилган «Тез тиббий ёрдам» шохобчаси энг замонавий “Volkswagen Caddy” автомашинаси билан таъминланган. Бугун кардиолог, офтольмолог, неврапатолог, психиатр, гастраэнтролог, проктолог, ЛОР, эндокринолог, педиатр, стоматолог, УЗИ, лаборатория, ЭКГ мутахассислари, ўсмирлар дўхтири, уролог, онколог сингари тажрибали шифокорлар майдаёбуликлар хизматида бўлишди. Биргина мобиль маммограф имкониятларини олайлик. 150 га яқин қишлоқ аёллари марказга бормасдан туриб кўкрак бези саратони хавфини эрта аниқлайдиган энг замонавий ускуна орқали текширувдан ўтишди. Натижалари пойтахтдаги мутахассисларга онлайн узатилди. Қишлоғимиз аҳли бу каби қулайликлардан беҳад мамнун бўлишди.


Кўрик давомида касаллик аниқланган беморларга зарур тавсиялар берилиб, туман, вилоят ва республика шифохоналарига йўналтирилди.