Пойтахтлик шифокорлар Туркиядан қандай илғор тажрибаларни ўрганиб қайтди?

🇺🇿🇹🇷 Мамлакатимиз Туркия билан тиббиётнинг кўплаб йўналишларида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жорий йил август ойида ўтказилган Ўзбекистон — Туркия соғлиқни сақлаш форуми бу борадаги алоқаларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилди.

✍️ Хусусан, ушбу тадбирда кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, ўзаро талабалар ва мутахассислар алашинувини йўлга қўйиш борасида ҳамкорлик қилиш бўйича қатор икки томонлама меморандум ва шартномалар имзоланган эди.

🛫 Ана шу келишувлар ижроси доирасида бугунга қадар Бухоро давлат тиббиёт институти талабалари ҳамда юртимиздаги қатор даволаш муассасаларининг шифокорлари ва ҳамширалари ўқиш, малака ошириш, амалиёт ва стажировка ўташ учун Туркияга юборилди.

♻️ Яқинда эса пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи С. Хусанова бошчилигидаги ходимлар ҳам ушбу мамлакатда малака ошириб, илғор тажрибаларни ўрганиб қайтди.

🫥Туркияда истиқомат қилаётган 81 миллион нафардан зиёд аҳолига тиббиётнинг уч бўғини — оилавий поликлиникалар, туман касалхоналари ва ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари хизмат кўрсатади.

🌐 Мамлакатда тиббий туризм ривожланган бўлиб, беморлар асосан даволаниш, физиотерапевтик муолажалар олиш ва санаторий-курортларда дам олиш учун боради.

🟢 Қардош ўлка транспланталогия соҳасида ҳам етакчилардан ҳисобланади. Тиббиёт муассасаларидаги физиотерапия ва реабилитация бўлимлари инсульт ва турли жароҳатлардан кейин беморларнинг ҳаракатланишини тиклашга мўлжалланган замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган.

👨‍⚕️Оилавий поликлиникаларда оилавий шифокор, оилавий ҳамширалар, амалиёт ҳамширалари ва доялар фаолият юритади. Хар бир оилавий шифокорга 4000 нафар ахоли бириктирилган.

🏥 Сафар давомида вакилларимиз Истанбул шаҳридаги «Bezmialem», “Medipol” университетлари, Анқара шаҳар касалхонасида ҳам бўлиб, ушбу муассасаларда қўлланилаётган замонавий дигностика ва даволаш усуллари, тиббий технологиялар ҳамда асбоб-ускуналар имкониятлари билан яқиндан танишди.

➕ Бир сўз билан айтганда, бундай алмашинувлар мутахассислар билим ва кўникмаларини ошириш, Туркия тиббиётининг илғор тажрибасини мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига кенг жорий қилишга хизмат қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.