ССВ: Қашқадарёда вилоят ҳокими ҳамда вазир иштирокида тиббиёт тизимига доир танқидий йиғилиш бўлиб ўтди

Хабарингиз бор, шу йил 24-25 октябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев жойларда ислоҳотларнинг бориши, ҳудудлар ривожи ҳамда аҳоли турмуш тарзи билан яқиндан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятида бўлди.

Сафар давомида давлатимиз раҳбари таълим ва тиббиёт муассасалари ва маҳаллаларга ташриф буюриб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда кўплаб соҳалар қатори тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, соҳа олдида турган муҳим масалаларни ҳал этиш бўйича қатор вазифаларни ўртага ташлади.

Бугун Қашқадарёда вилоят ҳокими М. Азимов ва Соғлиқни сақлаш вазири А. Иноятов иштирокида Президентимиз томонидан белгилаб берилган ушбу топшириқлар ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган мажлис аввалида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ҳақида сўз юритилиб, унинг механизмлари ва мазмун-моҳиятини масъуллар ҳамда аҳолига етказиш, ҳар бир топшириқни тўлиқ амалга ошириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Шу ўринда айтиш лозим, бугун Қашқадарё вилоятидаги мавжуд 2 та шаҳар ва 14 та туманда 3,5 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда айни пайтда 319 та давлат тиббиёт муассасаси, жумладан, 19 та вилоят даволаш маскани, 16 та туман-шаҳар тиббиёт бирлашмаси, 82 та оилавий поликлиника, 103 та оилавий шифокорлик пункти ва 95 та маҳалла тиббиёт пункти фаолият юритмоқда.

Кейинги йилларда вилоятда тиббий хизматлар сифати ва қамровини ошириш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда. Бироқ соҳада ечимини кутаётган масалалар талайгина.

Мисол учун, жорий йилда рўйхатга олинган 1,6 минг нафар беморнинг 979 нафарида онкологиянинг кечки босқичи аниқланган. Қолаверса, айни пайтда ҳудуд аҳолисининг 42 фоизида ортиқча вазн муаммоси сабаб юрак қон-томир ва қандли диабет билан касалланишлар сони ортган.

Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида бу ҳолатдан ташвиш билдириб, одамлар орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш, вилоятда соғлиқни сақлаш тизими салоҳиятини ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда вазир мазкур масалага тўхталар экан, бунинг учун, энг аввало, аҳоли орасида тўғри ва соғлом овқатланишни йўлга қўйиш, ҳар бир инсоннинг ўз саломатлигига масъуллигини ошириш ва бу борада тиббиёт ходимлари ҳамда соҳа масъуллари халққа энг яқин кўмакчи ва суянч бўлиши лозимлигини қайд этди.

Шунингдек, сурункали касалликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, бунинг учун воҳа аҳли орасида соғлом турмуш тарзини кенг йўлга қўйиш ҳамда соғлом ва фаол кексаликни таъминлаш, кадрлар таъминоти ва уларнинг салоҳиятини ошириш борасида бир қатор муаммолар танқидий таҳлил этилиб, бу бўйича тиббиёт ходимлари олдига аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш, оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, болалар ўртасидаги ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш борасида ҳам қатор масалалар атрофлича муҳокама этилиб, мазкур йўналишда камчиликларга йўл қўйган масъуллар жиддий огоҳлантирилди.

Шу билан бирга, соҳада ҳалқаро ҳамкорликни ривожлантириш, вилоят аҳолисини энди турнақатор бўлиб, қўшни Самарқанд ёки пойтахт ёхуд чет элларга даволаниш учун боришларининг олдини олиш мақсадида тезкорлик билан қисқа муддатли аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Бундан ташқари, 2024 йил — Қашқадарёда сифатли тиббиёт ва таълим йили деб эълон қилинганлиги ва бу тизимдаги барча ходимларнинг ҳаётий шиорига айланиши ҳамда улар зиммасига катта масъулият юклаши айтиб ўтилди.

Мажлисда Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига янги раҳбар тайинланди. Ушбу лавозимни бугунга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги котибиятида бош мутахассис сифатида ишлаб келган Алишер Бобоев эгаллади.

Вазир янги раҳбарнинг Президентимиз томонидан вилоятда тиббиёт тизимини ривожлантириш борасида белгилаб берилган вазифаларни тўла-тўкис амалга оширишда фаол ва аҳоли саломатлигини таъминлашда ташаббускор бўлишига ишонч билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.