📌Бундан бир неча йил аввал юртимизда буйрак ва жигар трансплантацияси амалиётлари ўтказилмаслиги боис беморлар хорижий мамлакатларга даволангани боришга мажбур эди.
🖇 Табиийки, улар бу жараёнда турли қийинчиликлар ва катта миқдордаги молиявий харажатларга дуч келишарди.
🔬Кейинги йилларда тиббиёт, хусусан, трансплантация соҳасини ривожлантириш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор натижасида буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш каби мураккаб амалиётларни Ўзбекистоннинг ўзида бажариш йўлга қўйилди.
🏥 Хусусан, 2017 йилдан академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак трансплантацияси бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинаётган бўлса, 2021 йилдан тиббиётимиз тарихида илк бор маҳаллий мутахассислар томонидан жигар кўчириб ўтказиш йўлга қўйилди.
✅ Натижада юртимизда ушбу ноёб жарроҳлик муолажалари орқали ўз саломатлигини тиклаган беморлар сони 15 баробарга ортиб, йилига 350 тани ташкил қилди. Қолаверса, 2017-2023 йилларда 1 100 та буйрак трансплантацияси ва 70 дан ортиқ жигар трансплантацияси амалга оширилди. Ваҳоланки, бу рақам 2017 йилда атиги 27 тадан иборат эди.
🩺 Шунингдек, мазкур йўналишда тажриба ва кўникмалар оширилиб, бугунгача турли ёшдаги болаларда 50 га яқин буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди.
🛏 Трансплантация дастурининг жорий этилиши нафақат пойтахт, балки ҳудудларда ҳам ушбу ёрдам ҳажмини ошириш ва тана аъзолари терминал шикастланган беморларни даволаш натижаларини яхшилаш имконини бераётир.
👨⚕️Бундан ташқари, юртимизда инсон органларини кўчириб ўтказиш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш тизими ҳам самарали йўлга қўйилди. Айни пайтда улар хорижий давлатларда малака ошириб, чет эллик мутахассислар билан қўшма жарроҳлик амалиётларида иштирок этмоқда.
📋 2022 йил май ойида соҳа ривожи йўлида яна бир муҳим қадам ташланди: Президентимиз томонидан “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни имзоланди.
🌐 Мазкур ҳужжат трансплантацияни амалга оширишнинг мақсад ва шартлари, объектлари, донорлар доираси ҳамда донор ва реципиентнинг ҳуқуқларини белгилаб берди. Уни тайёрлашда АҚШ, Германия, Польша, Россия, Беларусь ва Украина каби давлатларнинг бу борадаги қонунчилиги атрофлича ўрганилди.
‼️Бир сўз билан айтганда ушбу қонун юртимизда соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.