ИККИ ЁШЛИ БОЛА БУЙРАГИДАГИ ТОШЛАР НОЁБ ЛАЗЕРЛИ ЭНДОУРОЛОГИК ОПЕРАЦИЯ ОРҚАЛИ ОЛИБ ТАШЛАНДИ

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида болаларда юқори технологияли лазерли эндоурологик жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилаётгани ҳақида илгари хабар берган эдик. Шундай мураккаб операциялардан яна бири кеча деҳқонободлик икки ёшли Дониёржонда ўтказилди.

Бола “Сийдик-тош касаллиги. Ўнг буйрак тошлари. Гидронефроз ўнгда. II даража” ташхиси билан марказнинг урология бўлимига келтирилган эди. Унда тез-тез қусиш, кўнгил айниши, овқат емаслик, пешоб қизариши, безовталик кузатилган. УТТда ўнг буйрагида 2 та тош аниқланган.

Жарроҳлар ручка қалинлигидаги найча орқали боланинг буйрагидаги тошларни лазерда майдалаб, чиқариб олишди.

Жарроҳлик амалиёти кам жароҳатли кечганлиги сабабли Дониёржонга 3 кунда уйига рухсат берилиши кутилмоқда.