Ошқозон кичрайтириш амалиёти қачон тавсия этилади?

🍔 Кейинги бир неча ўн йилликда кам ҳаракатлик ва нотўғри овқатланиш сабабли ортиқча вазн ва семизлик бутун дунёда жиддий муаммога айланди.

📈 ЖССТ маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб, Ер юзи аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин. Энг ёмони, бу касаллик нафақат катталар, балки ёшлар орасида ҳам кенг тарқалмоқда.

🔬Шу боис сўнгги вақтларда ошқозон қисқартириш амалиёти орқали семизликдан қутилиш тобора оммалашиб боряпти.

❓Хўш, ушбу жарроҳлик операцияси қанчалик хавфсиз? У қандай ҳолларда тавсия этилади?

Шу каби саволларга академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Шуҳрат Ҳошимов жавоб берди.

🏃— Cемизликка чалинган беморларнинг кўпчилиги бугун парҳез тутиш, спорт билан шуғулланиш каби табиий озиш усулларидан кўра, тезроқ натижага эришиш ва муаммодан қисқа муддатда халос бўлишни маъқул кўрмоқда, — дейди мутахассис.

🩺 — Қолаверса, аксарият одамлар ортиқча вазнга қарши узоқ вақт курашган, бироқ фойдаси бўлмаган. Шу боис улар операция йўли билан озишга рози.

🗺 Албатта, жаҳон тиббиёти учун бариатрия, яъни ошқозон, ичак ёки иккаласини бирга хирургик ўзгартириш амалиёти янгилик эмас.

👨‍⚕️ Юртимизда ҳам бундай операцияларни ўтказувчи мутахассислар пайдо бўлгач, кўпчилик беморларда мазкур муолажа орқали семизликдан халос бўлиш истаги пайдо бўлди.

— Ошқозоннинг катталиги семизликка асосий сабабми?

🤦‍♂️— Йўқ, албатта. Ортиқча вазннинг юзага келишига бир неча омиллар сабаб бўлади. Яъни камҳаракатлик, турли зарарли одатлар, қандли диабет, депрессия, стресс, психоневрологик ўзгаришлар оқибатида кўпинча инсонда семириш кузатилади.

💊 Шунингдек, гормонал ўзгаришлар ва гормон дориларни қабул қилиш ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин.

— Меъдани кичрайтириш амалиёти қандай ҳолларда тавсия этилади?

📊 — Тиббиётда семизлик турли даражаларга бўлинади. Тана вазни индекси 30 дан 35 гача бўлса, биринчи, 35-40 гача иккинчи, 40 дан тепаси учинчи даражали ҳисобланади. 40 дан юқори бўлганда 16-60 ёш оралиғидаги беморларга жарроҳлик йўли билан озиш тавсия қилинади.

🩸 Шунингдек, тана индекси 35 дан юқори ва қандли диабет, гипертония, остеохондроз, қонда липидлар миқдорининг баландлиги, юрак ишемик ҳамда артроз каби ёндош хасталиклар бўлганда ҳам мазкур амалиётни ўтказиш мумкин.

⚖️ Бундан ташқари, озишга табиий чоралар фойда бермаганда ҳам бу муолажа усулига мурожаат қилинади. Бариатрик жарроҳликдан сўнг беморлар сезиларли ва тез вазн йўқотади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.