Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилиши бошланди. Бу галги мажлис сайёр шаклда, онлайн ва оффлайн тарзда Навоий вилоятида ўтказилмоқда.
Унда вазирлик марказий аппарати ходимлари, ихтисослаштирилган марказлар ва тиббиёт олий ўқув юртлари раҳбарлари, шунингдек жойлардаги студиялардан барча ҳудудий бошқармалар ҳамда туман тиббиёт бирлашмалари масъуллари иштирок этяпти.
Йиғилишни Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов очиб берди.
Шундан сўнг кун тартибидаги асосий масалалар муҳокамаси Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг Навоий вилоятида тиббиёт соҳасини трансформация қилишга бағишланган маърузаси билан давом этди.
Унда қайд этилганидек, кейинги йилларда бевосита Президентимиз саъй-ҳаракати билан малакали тиббий хизмат халққа янада яқинлашмоқда. Барча аҳоли қатламининг бундай имкониятдан тўлиқ баҳраманд бўлиши чоралари кўриляпти.
Хусусан, шу йил апрель ойида 2 минг нафар туғма юрак нуқсони бор бола ва 1600 нафар имтиёзли тоифага кирмаган, лекин моддий имконияти чекланган беморда юқори технологик операциялар ўтказиш мақсадида давлатимиз томонидан 90 млрд. сўм маблағ ажратилди.
Натижада биргина Навоий вилоятида 145 нафар юрак туғма нуқсони бўлган ўғил-қиз ҳамда 74 нафар эҳтиёжманд бемор 1,6 млрд. сўм йўналтирилган мураккаб операциялар орқали саломатлигини тиклайдиган бўлди. Ҳозиргача 54 нафар катталар ва 25 нафар болада юқори технологик операциялар муваффақиятли бажарилди.
Май ойи бошида вазирлик махсус ишчи гуруҳи ўрганишлари натижасида бир қатор масалалар жойида ҳал этилди. Масалан, 2022 йил октябрь ойида Навоий шаҳридаги “Ёшлик” ўйингоҳида ташкил этилган COVID марказидан Навоий вилоят перинатал марказига кўчирилган кислород станцияси 6 ой давомида маълум сабабларга кўра ишламаган ва оқибатда шу кунгача тиббий эҳтиёж учун зарур кислород сотиб олинган.
Носоз станция қайта ишга туширилгач, йилига 10 800 та кислород баллонига 594 млн. сўм маблағ сарфланишининг олди олинди ва бу пуллар дори-дармон сотиб олишга йўналтириладиган бўлди.
Шунингдек, Хатирчи туманида Гемодиализ маркази филиалининг очилиши натижасида 16 нафар беморнинг ўзи яшаб турган ҳудудда муолажа олиши учун имконият яратилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.