ССВ: Вазир Хатирчида туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари маркази қурилиши билан танишди

Қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари — дунё тиббиётининг энг долзарб муаммоларидан бири. Афсуски, бу хасталиклар юртдошларимиз ўртасида ҳам ногиронлик сабаблари бўйича энг юқори ўринни эгаллайди.

Шуни инобатга олган ҳолда, Президентимизнинг 2020 йил 2 июлдаги тегишли қарорига кўра, мамлакатимизда Жаҳон банки билан ҳамкорлик дастури доирасида ҳудудий тиббиёт бирлашмалари таркибида туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини босқичма-босқич ташкил этиш бошланган эди.

Cоғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Навоийга хизмат сафари давомида вилоят хокими Нормат Турсунов ҳамроҳлигида Хатирчи туманида барпо этилаётган ана шундай муассасанинг қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишди.

Мазкур марказни бунёд этишга «Open budjet» дастуридан 1,2 млрд. сўм ва маҳаллий бюджетдан 700 млн. сўм ажратилган.

А.Иноятов муассаса қурилиши билан танишар экан, бино ишга тушгач, вазирлик томонидан 1 млн. АҚШ доллари қийматидаги кўп кесимли компьютерли томограф, рақамли стационар ва портатив рентген, стационар ҳамда портатив ультратовуш аппаратлари каби 34 турдаги юқори технологик тиббий ускуналар етказиб берилишини маълум қилди.

Шунингдек, худди шундай марказ Қизилтепа туманида ҳам ташкил этилиб, вазирлик томонидан тўлиқ жиҳозланиши таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.