Ёз – таълим муассасалари учун таътил мавсуми. Йил давомида соҳада меҳнат қилган ўқитувчи ва мураббийлар бу даврда ҳордиқ чиқариш имконига эга бўлишади.
(https://telegra.ph/file/884b007e467bf552f6d7c.png)Шуни ҳисобга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги ташаббус билан чиқди. Унга кўра, жорий йил 1 июлдан 1 августгача юртимизда “Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги” акцияси ўтказилади.
✅ Бу даврда мамлакатимиздаги таълим соҳаси ходимлари — мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячилари профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳамда скринингдан ўтказилади.
🏢 Таъкидлаш лозимки, айни дамда 10 118 тa умумтаълим мактабида 6,3 млн. нафардан зиёд ўқувчига қарийб 510 минг нафар ўқитувчи таълим беради.
👶🏻 Шунингдек, 29 420 та мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, уларда 2,1 млн. нафар бола тарбияланади.
🩺 Акция давомида тиббий текширув натижаларига мувофиқ, аниқланган касалликлар бўйича давлат кўмагида уларнинг саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш чоралари кўрилади.
📋 Бунинг учун дастлаб таълим соҳаси ходимлари орасидан тиббий хизматга эҳтиёжи бор контингент рўйхати шакллантирилиб, улар ёши, жинси ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга ажратилади.
👨🏻⚕️Шундан сўнг улар махсус тиббий бригадалар томонидан профилактик ва чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилади.
Тиббий кўриклар якунида:
🔬ҳаётида илк бор сурункали касаллик аниқланганлар диспансер назоратига олиниб, индивидуал соғломлаштирилади;
🏥 ўткир ва сурункали хасталиклар қайд этилган беморлардан бир гуруҳи бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда амбулатор шароитда, стационар ёрдамга муҳтож қатлам эса туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларида даволанади;
🏥 юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор беморларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилади.
🚑 Ўз навбатида, олис ва чекка ҳамда чегара ҳудудларда сайёр тиббий бригадалар томонидан кўриклар ўтказилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.