Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида «Вилоятда амалга оширилаётган юқори технологияли операциялар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Жамшид Диёров, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали директори Азамат Шарипов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Зокир Қосимов, бошқарма ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамов, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази болалар кардиожарроҳи Раҳматилла Равшанов, Китоб тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Орзимурод Тўрабоев мавзуга доир маълумот бердилар.

Анжуманда қайд этилганидек, шу пайтгача хориж ва пойтахтнинг нуфузли клиникаларида бажариб келинган кўплаб мураккаб юқори технологияли операциялар эндиликда вилоятнинг ўзида бажарилмоқда.
Хусусан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида биргина жорий йилнинг беш ойи давомида 110 та юқори технологияли операция бажарилди. Хусусан, воҳамизда илк бор тизза бўғимини эндопротезлаш, “Эверсион КЭАЭ” (уйқу артериясидан холестерин пилакчаларини олиб ташлаш), “Трансабдоминал лапароскопик ўнг томонлама нефроэктомия” (бужмайган буйракни эндоскопик усулда олиб ташлаш) сингари ноёб жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилди.


Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида аорта коронар шунтлаш, юрак тож томирларига стентлаш, электрокард иостимулятор имплантацияси, бўлмачалараро ва қоринчалар тўсиқ нуқсонларини миниторакотомия усули ёрдамида беркитиш, бўлмачалараро ва қоринчалар тўсиқ нуқсонларини оклюдер ёрдамида беркитиш, юрак клапанлари пластикаси ва протезлаш амалиёти, юракнинг мураккаб аритмияларида юрак электрофизиологик текшируви ва радиотўлқинли аблация сингари жуда мураккаб кардиожарроҳлик амалиёти йўлга қўйилган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида буйрак трансплантацияси операциялари амалга оширилди.

Мавзуга доир энг катта янгиликлардан бири – Қашқадарёда болалар кардиожарроҳлиги бўлими фаолияти йўлга қўйилди.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ташкил этилган бу бўлимга хорижда ўқиб, тажриба орттирган малакали мутахассислар ишга жалб этилди. Энди қашқадарёлик туғма юрак нуқсони бор болажонларнинг яқинлари хориж ёки пойтахт клиникаларига қатнаб овора бўлишмайди. Юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари воҳанинг ўзида бажарилмоқда.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалида жорий йилнинг ўтган 5 ойида 200 дан ортиқ юқори технологияли операциялар бажарилди.
Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан 2023 йилнинг ўтган даврида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали, Республика кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали, Китоб туманидаги “Доктор Бобоев” хусусий клиникасида 800 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти бажарилди.
Воҳамизда замонавий телемедицина имкониятларидан самарали фойдаланиб келинмоқда. Бу орқали туманларда даволанаётган беморлар учун пойтахт ҳамда вилоятнинг малакали мутахассислари томонидан онлайн тарзда тиббий консилиум ва маслаҳатлар ташкил этилмоқда.

Қувонарлиси, кейинги ойларда шу пайтгача фақат пойтахтда бажарилган юқори технологияли операциялар воҳамиз туманларининг ўзида бажарилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу борадаги кўрсаткичлар кескин ошди.
Хусусан, биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида биргина Китоб туманида эса 80дан ортиқ юқори технологияли операциялар бажарилди. Кўкдалада илк бор “Эверсион КЭАЭ”, Косонда йирик бўғимлар артроскопик операцияси, Яккабоғда эса эндопротезлаш амалиёти муваффақиятли ташкил этилди.
2023 йилда вилоятда бажарилган юқори технологик амалиётлар сонини 2 мингдан ошириш режалаштирилган.

Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.