Ой давомида воҳамиз шаҳар ва туманларида ташкил этиб келинаётган «Саломатлик сайли»нинг Яккабоғдаги тадбирлари тоғлар бағридаги сўлим «Ниҳол» болалар оромгоҳида ўтказилди.
Пойтахт ва Қаршидан келган малакали шифокорлар ҳудуддаги Ўрта, Турон, Ишкент ва Самоқ маҳалла фуқаролар йиғинлари қишлоқларидан жам бўлган 1000 нафардан ортиқ аҳоли вакилларини тиббий кўрикдан ўтказишди.
Уларнинг 32 нафари стационар, 284 нафари амбулатор даволанишга йўналтирилди. 2 нафарида юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ўтказиш режалаштирилди.
Кўчма дорихона орқали аҳолига 120 турдаги бепул дори-дармонлар тарқатилди.
Тиббиёт карвони эртага Шаҳрисабз туманига йўл олади.
Шу ўринда қайд этиш зарурки, айни пайтгача вилоятнинг 14 та шаҳар ва туманида ташкил этилган «Саломатлик сайиллари»да иштирок этган фуқаролар сони 10 000га яқинлашди.