«САЛОМАТЛИК САЙЛИ» МИРИШКОРЛИКЛАРНИ МАМНУН ЭТДИ

Миришкор туманидаги маданият ва истироҳат боғида кўтаринки руҳда ўтказилган «Саломатлик сайли» ихтисослаштирилган тиббий хизматни халқимизга янада яқинлаштирди.

Ҳудуди бўйича воҳамиздаги энг йирик туманлардан бири бўлган олис Миришкордан йўл танобини тортиб Қарши ёки Тошкентдаги клиникаларга бориш, малакали шифокорлар кўригидан ўтиш анчагина оворагарчиликларни талаб қилиши табиий. Шу боис бу ердаги сайилда жам бўлган туманнинг турли маҳаллаларидан келган одамлар тиббиёт карвонини ўзгача хушнудлик билан қарши олишди.

Тадбирда пойтахтдаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидан келган малакали мутахассислар билан бир қаторда воҳамиз марказидаги даволаш-профилактика муассасалари шифокорлари 1381 нафар аҳоли вакилини тиббий кўрикдан ўтказишди. Уларга зарур тавсиялар берилди.

Эртага тиббиёт карвонимиз Муборак туманига йўл олади.