ДАВЛАТ ТИББИЙ СУҒУРТАСИ ТАРАДДУДИ: ҚАШҚАДАРЁДА ВАЗИЯТ ҚАНДАЙ?

Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида “Давлат тиббий суғуртаси бўйича вилоятда олиб борилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шавкат Гаппаров ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг вилоятдаги бош мутахассиси Чори Ризаев мавзу доирасида маълумот беришди.

 

Анжуманда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида халқаро тажриба асосида Ўзбекистон тиббиёти учун мутлоқо янги йўналиш Давлат тиббий суғуртаси жорий этилмоқда. Буни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг нуфузли экспертлари ҳам эътироф этишмоқда. Мазкур модель ривожланган давлатларда синовдан муваффақиятли ўтган илғор тажрибадир.

Биринчи босқич синов тариқасида Сирдарё вилоятида амалга ошириляпти. Иккинчи босқич 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, учинчи босқич эса 2025 йилдан бутун мамлакат бўйлаб татбиқ этилиши кўзда тутилган.

Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг асосий мақсади аҳолини кафолатланган тиббий ёрдам билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш, унинг сифати ва ҳажмини ошириш ҳамда тиббий хизматлар бозорини замонавий талаблар асосида ривожлантиришдир.

                         ***

Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида қайд этилган 2020 йил 12 ноябрдаги ПҚ-4890 сонли “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 28 июлдаги ПҚ-5199-сонли “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомилаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларининг ижроси бўйича вилоятда 2025 йил тиббий суғурта тизимини жорий этиш кўзда тутилган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида давлат тиббий суғурта тизимига ўтиш учун ишчи гуруҳ ташкил этилган.

 

Суғурта тизимини жорий этишга тайёргарлик доирасида қуйидаги тадбирлар амалга оширилди:

– аввало вилоятдаги даволаш профилактика муассасалари ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари хатловдан ўтказилди;

– кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлар кўрсатиш учун биринчи навбатда зарур бўладиган ишларни амалга ошириш, тиббиёт муассасаларини тиббий жиҳозлаш табелига мувофиқ бўлимлар кесимида инвентаризациядан ўтказган ҳолда муассасаларнинг тиббий жиҳозларга бўлган эҳтиёжи аниқланди ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳамда Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига тақдим қилинди;

– мавжуд тиббий жиҳозларни метрологик кўрикдан ўтказиш ҳолати ўрганиб чиқилмоқда;

– оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари кесимида тиббиёт муассасаларини кадрлар билан таъминланганлик даражаси ўрганилиб, таҳлилий маълумотлар тайёрланди;

– ҳар бир бирламчи бўғин муассасасига бириктирилган аҳоли сони ва таснифи кўрсатилган паспортини тузиш ишлари олиб борилди;

– оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникада маҳаллалар кесимида бириктирилган аҳоли рўйхатининг ТАТ (тиббиёт ахборот тизими) (MIS) дастурига киритилиши давом эттирилмоқда;

– оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари”ни шакллантириш, ҳар бир бригаданинг ҳудудини аниқ белгилаш, иш режасини тузиш ишлари олиб борилиб, шифокор олди қабул хонаси, патронаж ҳамширалар учун алоҳида хоналар ташкил этилди;

– бирламчи бўғинда клиник протоколлар, диагностика ва даволаш стандартлари билан тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилди;

– шифохоналарда даволаниш учун йўлланмаларни бирламчи бўғин муассасаларида электрон расмийлаштириш йўлга қўйилди;

– ҳар бир муассасада Давлат тиббий суғуртасини жорий қилиш бўйича тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишлари олиб борилди;

– вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли марказий поликлиникалар масъуллари Сирдарё вилоятида бўлиб, давлат тиббий суғуртасини жорий этиш тажрибасини ўрганиб келишди.

***

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан 2022 йилда вилоятда 4 та давлат тиббиёт муассасаси ва 2 та нодавлат тиббиёт ташкилоти ўртасида шартнома тузилди.

Мазкур шартномаларга асосан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси бюджет маблағлари ҳисобидан ўтган йилда вилоятга 4 та даволаш профилактика муассасасида жами 3 миллиард сўм ва Китоб туманидаги “Doctor Boboev” хусусий клиникасига 2 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилди.

2023 йилда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали, Республика кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали ҳамда Китоб туманидаги “Doctor Boboev” хусусий клиникаси билан шартномалар тузилиб, юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ташкил этилмоқда.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.