Шу йил 1 февралдан 1 мартгача юртимизда “Қишлоқ хўжалиги ходимлари саломатлиги ойлиги” акцияси ўтказилмоқда. Миришкор туманидаги Жейнов шифохонасида ҳам акция доирасидаги тадбир ташкил этилди

Тадбирда ҳудуддаги аграр соҳа ходимлари – фермерлар, деҳқон, боғбонлар, кластер ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, аввало, бепул профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳамда скринингдан ўтказилди.

Акцияда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, эндокринология маркази, кардиология марказининг ҳамда кўз касалликлари шифохонасининг 20 дан ортиқ малакали шифокорлари иштирокчиларга муҳим тавсиялар ва имтиёзли йўлланмалар беришди.

Текширув натижаларига мувофиқ, касалликлар аниқланган қатлам давлат кўмагида саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу тиббий кўрик ва скрининг текширувлари бепул амалга оширилди.