Шаҳрисабз шаҳридаги туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари марказида гемодиализ бўлими фаолияти йўлга қўйилди.
Эътиборлиси, замонавий технологиялар асосида олиб бориладиган муолажа курслари харажатлари давлат томонидан қопланиши назарда тутилган.
Дунё бўйича буйрак етишмовчилиги касаллиги билан оғриган инсонлар гемодиализ олиш учун катта маблағ сарфлашади. Юртимизда эса ушбу муолажа ва керакли дори-дармонлар бепул.
-Сир эмас, илгари буйрак касалликлари билан оғриган беморлар сунъий буйрак аппаратига тушиш учун рўйхатда туриб, навбат кутишарди, – дейди Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Нуриддин Халилов. – Эндиликда беморларимизни бу муаммо ташвишлантирмайди. Янги бўлим фаолиятининг йўлга қўйилиши билан Шаҳрисабз шаҳрилик 18, Шаҳрисабз туманидан эса 15 нафар гемодиализга муҳтож беморлар учун катта қулайлик яратилди.