📌 Гиёҳвандликка “аср вабоси” дея таъриф берамиз. Унга қарши нафақат иллат, балки глобал офат сифатида курашамиз. Чунки бугун айни шу хатар инсоният саломатлиги, тақдири ва ҳатто келажагига раҳна солаётгани сир эмас.
📊 БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликни назорат қилиш бошқармаси томонидан сал аввал эълон қилинган ҳисоботига кўра, дунёда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар сони 10 йил ичида 23 фоизга ўсиб, 240 миллиондан 296 миллион нафарга етган.
📈 Шунингдек, бу иллат билан боғлиқ касалликлардан азият чекувчилар 2011 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда 45 фоизга ошиб, 39,5 миллион кишини ташкил этган.
🔎 Бундай ўсиш динамикасига сайёрамиз аҳолиси кўпайишидан ташқари, ёшлар ўртасида синтетик гиёҳванд моддалар оммалашаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Негаки, бундай заҳарли воситалар нисбатан арзонлиги, осон ва тез ишлаб чиқарилиши боис ноқонуний бозорларни шиддат билан “забт этмоқда”.
✅ Ана шундай омиллар юртимизда психиатрия ва наркология хизматини такомиллаштириш учун яна бир муҳим асос бўлди.
📆 Хусусан, давлатимиз раҳбарининг ўтган йил қабул қилинган “Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, жорий йил 1 январдан бошлаб:
📌 наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш бўйича барча тиббий текширувлар наркология диспансерларининг ўзида, зарур ҳолларда бошқа муассасаларда амалга оширилмоқда;
📌 наркология диспансерларидаги мавжуд койкалар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида олиш имконияти яратилди.
♻️ (https://t.me/ssvuz/13355) Ўз навбатида, қарорга мувофиқ, аҳоли, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар орасида психоактив моддалар истеъмол қилинишининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган профилактика тизими ишлаб чиқилиши бу соҳадаги дадил қадам бўлди.
📋 Қолаверса, яқинда эълон қилинган “Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида ҳам бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишга доир вазифалар белгиланган.
❗️26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ўтказилаётган “Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатишнинг замонавий жиҳатлари” мавзусидаги халқаро конференцияда бундай факт ва таҳлиллар яна бир бор қайд этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.