📊 Бу ҳолат тиббиётда тиннитус деб аталади. Маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг 5-8 фоизи мазкур хасталик билан яшайди. Касаллик, одатда, кексаларга хос. 55-65 ёшдаги кишиларнинг ҳар беш нафардан бири ўзида қулоқ шанғиллаши ҳолатлари кузатилиб туришини айтади.
👂 Бироқ ушбу муаммо ёшларда ҳам учраб турибди. Бу шовқинли жойларга ташриф буюриш, шунингдек, қулоқчинларда баланд овозда мусиқа тинглаш билан боғлиқ.
👫 Қулоқларда шовқин бўлиши болаларда камдан-кам учрайди. Туғма карлиги бўлган одамларни эса бу масала умуман қийнамайди.
📈 Ушбу хасталикка чалинган беморларнинг 85 фоизи 250 – 8000 Hz тебраниш оралиғидаги товушларни эшитиш имкониятидан маҳрум бўлиши тасдиқланган.
✅ Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қулоқлардаги шовқин кўпроқ эркакларда, ортиқча вазни бор кишилар, шунингдек, юқори қон босими, қандли диабет, дислипидемия хасталиклари бўлган беморларда кўпроқ учрайди.
🩺 Тиннитуснинг — артериал гипертензия, бўйин остеохондрози, отит, сенсоневрал эшитиш заифлиги, қон томирлари атеросклерози, стресс, эндокрин касалликлар, эшитиш нервларининг невриномаси, тарқоқ склероз сингари бир неча омиллар таъсирида фаоллашиши исботланган.
🧨 Бундан ташқари, баъзи дориларни қабул қилиш, яқин масофада кучли пиротехниканинг портлаши, концертлардаги ўта баланд товуш таъсиридаги баротравма ва акустик жароҳатлар ҳам қулоқ шанғиллашига сабаб бўлади.
📌 Тиннитусдан азият чекувчи беморлар қулоқдаги шовқин уйқуга кетишдан олдин, атрофда жимжитлик пайдо бўлганда ниҳоятда аниқ эшитилишини таъкидлашади. Диққатни шовқинга қаратиш уйқусизликка олиб келиши мумкин.
☀️ Агар хасталик ривожланишда давом этса, қулоқ шанғиллаши кундузи, шовқинли муҳитда ҳам безовта қила бошлайди.
🤨 Бемор бу товушга тобора кўпроқ диққат қаратиши натижасида унинг психоэмоционал таъсирчанлиги ортади. Кайфияти ёмонлашиб, депрессив реакциялар ривожланиши мумкин. Тиннитус касаллиги кузатилганда, аввало, унинг сабабини аниқлашга ёрдам берадиган текширувлар ўтказилиши зарур.
👇 Қуйидаги оддий тавсияларга риоя қилиб, ўзингизни тиннитусдан ҳимоя қилишингиз мумкин:
🔺Қулоқчинларда мусиқа тингласангиз, овознинг жуда баланд эмаслигига эътибор беринг. Метрода мусиқа эшитмасликка ҳаракат қилинг. Чунки поезд товуши ва қулоқчиндан чиқаётган овоз эшитиш анализаторининг ортиқча зўриқишига олиб келади.
🔺Иш фаолиятингиз баланд шовқинлар билан боғлиқ бўлса, қулоқ тиқинларидан фойдаланишни унутманг.
🔺Кофеин ва спиртли ичимликлардан сақланинг. Улар қулоқда шовқин кучайишига олиб келади.
🔺Стрессли вазиятлардан қочинг. Кунига меъёр даражасида — етти-саккиз соат ухлаётганингизга ишонч ҳосил қилинг.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.