Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мураккаб операцияларни ўтказмоқда

Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази 465 ўринга мўлжалланган бўлиб, 17 та даволаш бўлими, маслаҳат поликлиника бўлими ва чақирилувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўлими фаолият кўрсатади.

Мазкур муассаса вилоятдаги 1 млн 200 мингдан ортиқ 18 ёшгача бўлган болаларга тиббий даволаш ва профилактик ёрдам кўрсатади. Марказда 148 нафар малакали шифокорлар ва 600 нафарга яқин ҳамшира фаолият олиб боради.

Марказга келган беморлар биринчи навбатда маслаҳат поликникасига мурожаат қилади. У ерда стандарт текширувлар учун барча лаборатор ва инструментал текширувлар йўлга қўйилган. Тиббий кўрик натижасида мурожаат қилган беморлар сараланади. Стационар давога муҳтожлар марказ бўлимларига ётқизилади, яшаш жойида даволаниши мумкин бўлганлар туман марказий шифохоналарига юборилади. Амбулатор даволанишга муҳтожларга маслаҳат берилиб, яшаш жойидаги оилавий поликлиникаларга йўналтирилади.

Маслаҳат поликлиникасида ультратовуш ташхиси, рентгенография, электроэнцефалография, электрокардиография, аудиометрия, офтальмоскопия, нейросонография, эхокардиография ва клиник лаборатор текширувлар йўлга қўйилган бўлиб, болаларга бирламчи диагностика учун хизмат қилмоқда.

Марказда даволанаётган беморларга даволаш стандартлари асосида дори-дармон етказиб берилиши 90 фоизга етди. Реанимация ва интенсив даволаш бўлимлари зарур жиҳозлар билан 100 фоиз таъминланди. Дори-дармонлар биржа орқали харид қилиниб, бўлимларга тарқатилиши тўлиқ онлайн тизимга ўтказилди.

Беморларнинг яқин қариндошлари учун қулайлик яратиш мақсадида 2023 йилнинг 1-чорагида 150 ўринли кутиш зали фойдаланишга топширилади. Шунингдек, маслаҳат поликлиника бўлими “Электрон поликлиника” тизимига ўтказилади. Натижада ортиқча навбатлар, қоғозбозликлар камайиб, беморларга қулай шароит яратилади.

– Ихтисослашган тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш, юқори технологик мураккаб операциялар ва замонавий даволаш усулларини вилоят миқёсида амалга ошириш учун мутахассисларимиз хорижнинг етакчи клиникаларида малака ошириб келмоқда, – дейди марказ бош шифокори Тўлқин Расулов.  – Жумладан, Баҳром Шукуров ва Ғиёс Фармонов Туркияда, Зебинисо Холмуродова Германияда ва Эминжон Бўронов Россия Федерациясида малака ошириб келди. Натижада, аниқланиши қийин бўлган онкогематологик касалликларга узоғи билан 24 соат ичида ташхис қўйилмоқда. Авваллари вилоятда амалга оширилмаган пластик жарроҳлик ва бошқа юқори технологик операциялар марказнинг ўзида бажарилмоқда. Марказда гемабластоз, гиршпрунг, гипоспадия, пилоростеноз каби касалликлар даволаниб, уретропластика, нефроэктомия, пилоуретропластика, цистоуретропластика, аноректал нуқсонлар, хейлопластика, палатопластика, веллопластика, куйишдан кейинги чандиқлар, малакали тиббий ёрдамга муҳтож беморлар республика марказларига вақт ва маблағ сарфлаб юрмасдан, вилоятнинг ўзида даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирининг шахсан топшириғига асосан 2023 йил давомида Туркия, Германия, Саудия Арабистони ва Россия Федерациясида, шунингдек, Республика болалар миллий тиббиёт маркази, Республика перинатал марказида шифокорлар ўз малака ва тажрибаларини ошириб борадилар.

Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2023 йилда 800 млн сўм маблағ эвазига Лапароскопик-эндоурология учун тиббий аппаратуралар харид қилинади. Бундан ташқари, юқори технологик операцияларни бажариш учун хирургик лапароскопик тиббий жиҳозлар олиниши режалаштирилган.

2023 йилдан бошлаб, ҳафтанинг ҳар шанба куни махсус микроавтобусда малакали мутахассислар гуруҳи вилоятнинг чекка туманларида тиббий кўрик ўтказиб келмоқда.

Шунингдек, вилоятдаги 14 туман ва 2 та шаҳар тиббиёт муассасаларига бириктирилган мутахассислар томонидан маҳаллий врачлар учун маҳорат дарслари, юқори технологик операциялар ўтказиб келинмоқда. Сурункали касаллиги бор бемор болалар тиббий кўрик ва диспансеризациядан ўтказилади.

Марказ шифокорлари ўртасида беморларни замонавий методлар билан даволашда тақдимот ўтказиш учун интерактив панель харид қилинди. Барча бўлимлар видеокамералар ва оптик толали интернет билан таъминланди.

Электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида 50 ва 30 ваттли 2 та электрогенератор харид қилинди. Реанимация бўлимида иссиқ ва совуқ сув таъминоти узлуксизлиги таъминланди. Бундан ташқари, ёзнинг иссиқ кунларида мўътадил ҳавони таъминлаш учун юқори қувватли кондиционерлар билан таъминланди. Реанимация бўлимида носоз ҳолатда турган 2 та сунъий нафас бериш аппарати ва кардиомонитор таъмирдан чиқарилиб, беморларни даволашда фойдаланилмоқда.

Марказда сервис хизмати учун 48-ўринли ВИП палаталар ташкил этилди.

Муассаса ҳудудида автомобиллар ҳаракатланиши ва фавқулодда ҳолатларда тезкорликни ошириш учун ижара шартномаси асосида 2 та автотураргоҳ қурилиши режалаштирилмоқда.

«2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон  қилинди. Халқимизга сифатли ва малакали тиббий  ёрдам кўрсатиш, уларнинг мушкулини осон қилиш биз, шифокорларнинг бош вазифамиздир. Бу мақсад йўлида изланишдан, янгилик қилишдан чарчамаймиз. Айниқса, болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, бунда болаларга кўрсатилаётган тиббий хизматни такомиллаштириб, сифат даражасини янада ошириш мақсадимиз бўлиб қолади» дейди марказ бош шифокори Тўлқин Расулов.