Президентимизнинг 2022 йил 25 апрелдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 215-сонли қарорига асосан жорий йилнинг 1 майидан бошлаб бирламчи тиббий-санитария муассасаларидан олис масофада жойлашган маҳаллаларда маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилмоқда. Вилоятимизда жами 95 та шундай муассаса босқичма-босқич очилмоқда.

Маълумки, Тошкент вилоятида жойлашган коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуа тугатилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 июндаги 355-F-сонли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида мазкур муассасадан жами 95 та (55 та 12, 40 та 6 метрлик) махсус контейнер вилоятимизга келтирилди. Мазкур контейнерлар маҳалла тиббиёт пункти биноси сифатида белгиланган ҳудудларда ўрнатилмоқда.
Кўкдала тумани “Қанотли” маҳалла фуқаролар йиғини Оққудуқ қишлоғида ҳам худди шундай махсус контейнерда маҳалла тиббиёт пункти иш бошлади.

-Бу пунктнинг очилиши тиббиётни халқимизга янада яқинлаштириш, одамларни рози қилиб ишлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди ҳудуддаги 65-оилавий поликлиника мудири Тўлқин Файзуллаев. – Контейнер икки бўлимдан иборат бўлиб, ҳар бир бўлим стол, стул, каравот, кондиционер ва алоҳида ювиниш хоналари билан жиҳозланган. Бу ерда тиббий бригада аъзолари томонидан бирламчи тиббий-санитария хизматини кўрсатиш учун етарли шароитлар мавжуд.

-Неча йиллик орзуимиз бир кунда ушалди, десак ишонаверинг, – дейди қишлоқ оқсоқоли Абдирашид Сиддиқов. – Оққудуқ қишлоғимиз 65-оилавий поликлиникадан 17 километр узоқликда жойлашган. Шунча йўл босиб, дўхтирга кўринаман деган қариянинг ё ҳомиладор аёлнинг ёки боласини эмлатаман деган келинларимизнинг аҳволини бир тасаввур қилинг… Бир зумда шундай қулайликларга эга контейнер атроф ҳудуддаги 2 мингдан ортиқ аҳоли учун қулай жойда ўрнатилиб, дўхтирлар иш бошлаб юборса, қизиқ бўлар экан. Жуда хурсандмиз!

Айни пайтда пунктда 65-оилавий поликлиниканинг бир нафар шифокори, 3 нафар ўрта тиббиёт ходими хизмат кўрсатмоқда.