Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида навбатдаги транплантация жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли якунланди.


Косонлик Муҳриддин Ғаниев 28 ёшда. Қурилишда ноқулай шароитларда ишлаб, оғир дард орттирган йигит бир неча йилдан буён сурункали буйрак етишмовчилигидан азият чекиб келади. Унга 44 ёшли тоғаси Баҳодир Панжиевнинг буйраги кўчириб ўтказилди. Айни пайтда тоға-жиян ўзларини яхши ҳис этишмоқда.

Қарши шаҳрилик Бахтиёр Эгамов энди 27 ёшга қадам қўйган. 2018 йилдан буён буйрак хасталиги боис гемодиализ сеансларини олиб келган. Чуқур таҳлил ва текширувлардан сўнг унга 25 ёшли синглиси Нигоранинг буйраги мос келиши аниқланди. Нигора узоқ ўйланиб ўтирмади – жигарига донор бўлишга розилик билдирди. Мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якун топди. Кўчириб ўтказилган буйрак ишлаб кетди.
– Шундай хайрли ишларнинг бошида турган Президентимиз ва ҳукуматимизга, шунингдек, вилоятимизнинг ўзида шундай оғир операцияни бажарган моҳир шифокорларимизга минг раҳмат, – дейди Бахтиёр. – Энди дарддан фориғ бўлиб, орзуларимни амалга ошираман, янги-янги мақсадлар билан яшайман. Институтда чала қолган ўқишимни давом эттириб, яхши инженер, турмуш қуриб, бахтли оила соҳиби бўлмоқчиман.
Операциялар академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари ва маҳаллий жарроҳлар томонидан биргаликда амалга оширилди.


-Бу билан мазкур шифо масканида бажарилган трансплантациялар сони 6 тага етди, – деди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Жамшид Диёров. – Умуман, 2022 йилда 100 дан ортиқ беморда юқори технологияли операциялар бажарилган бўлса, бу кўрсаткич якунланаётган йилда 400 дан ошди. Мазкур операциялар тури эса 3 баравар ошди.