Қашқадарёда болалар кардиожарроҳлиги бўлими фаолияти йўлга қўйилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Қашқадарёга хизмат сафари чоғида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, бу ерда йўлга қўйилаётган болалар кардиожарроҳлиги бўлими фаолияти билан яқиндан танишди.

– Бўлимимиз ташаббусли бюджет танловлари орқали кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказишга доир 1 миллиард 200 миллион сўмлик энг замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди, – дейди бўлим кардиажарроҳи Раҳматилла Равшанов. – Бу ердаги айрим ускуналарга нуфузли клиникалар жарроҳларининг ҳам ҳаваси келади. Бўлимга ишга таклиф этилган малакали мутахассислар қаторида мен ҳам Россиянинг салоҳияти катта тиббий олий ўқув юртларида таҳсил олиб, йирик клиникаларида ишлаганман. Ўзим туғилиб ўсган воҳада болалар кардиожарроҳлигининг йўлга қўйилишига, ихтисослаштирилган тиббий хизматни халқимизга янада яқинлаштиришга ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман. Энди қашқадарёлик туғма юрак нуқсони бор болажонларнинг яқинлари хориж ёки пойтахт клиникаларига қатнаб овора бўлишмайди. Юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари воҳанинг ўзида бажарилади.

Вазир бўлим фаолиятини ривожлантириш юзасидан ўз тавсияларини берди, Раҳматилла сингари хорижда ишлаб, тажриба оширган ёш мутахассисларни янада кўпроқ тизимга жалб қилиб, уларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, Амрилло Иноятов марказ гематология бўлимида узоқ вақт давомида даволаниб келаётган 40 нафар бемор болага шифокорлар номидан Рамазон совғаларини топширди. Уларнинг оналари ва бошқа яқинларини, муассаса тиббиёт ходимларини ҳайит билан қутлади.

Шунингдек, вазир марказ ҳудудида бунёд этилаётган “Она ва бола” тиббиёт кластери биноси қурилишини ҳам кўздан кечириб, зарур тавсияларни берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.