Қашқадарёдаги илк «Электрон поликлиника» қандай ишламоқда?

Бугун мамлакатимизда оилавий ҳамда кўп тармоқли марказий поликлиникаларда «Электрон поликлиника» ахборот тизими жорий этилмоқда.

Қашқадарё вилоятида ҳам илк бор Қарши шаҳридаги 3-сонли оилавий поликлиникаси «Электрон поликлиника» тизимида фаолият бошлади.

Таъкидлаш жоиз, мазкур оилавий поликлиника ўтган йили янгидан бунёд этилиб замонавий шарт-шароитлар яратилган эди. Эндиликда «Электрон поликлиника» ахборот тизими жорий этилиши бу ерда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг иш сифати ва самарадорлигини тубдан ошириши шубҳасиз.

— Поликлиникамиз ҳудуддаги 15 та маҳаллада истиқомат қилувчи 53 минг нафардан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади, — дейди муассаса шифокори Нодира Акбарова.  — Табиийки, шунга яраша мурожаат этувчилар сони ҳам кўп. Илгари ҳар бир беморнинг шикоятларини эшитиш, ёзиш, унга тавсия бериш ҳамда лаборатория текшируви ёки тор доирадаги мутахассисларга йўналтиришга камида 15 дақиқа вақт кетарди. Ҳозир бу вақт ўртача 3 дақиқани ташкил этмоқда. Чунки эндиликда бемор уйда туриб ҳам онлайн қабулга ёзилиб, электрон рақам орқали ўзининг ID-картаси билан келади. Биз унинг қўшимча шикоятларини қайд этиб, мисол учун кардиологга йўналтирсак, бемор боргунига қадар кардиолог электрон тизим орқали у ҳақидаги ҳамма маълумотга эга бўлиб улгуради. Ёки бошқа ҳудуддаги шифокорларга борганида ҳам ўзининг касаллик тарихи, лаборатория текширувлари натижаси ёки шу каби маълумотларни кўтариб юрмайди. Бу маълумотлар электрон базада доимий сақланади ва бемор истаган вақтда уни ўзининг ID-рақами орқали базадан олиши мумкин.

Яна бир эътиборли томони, «Электрон поликлиника» ахборот тизимига уланган барча поликлиникалар ягона сервер асосида ишлайди ва ҳар бир поликлиникага қанча бемор мурожаат қилгани, уларни қайси шифокорлар кўрикдан ўтказгани, қандай рецепт буюрилгани, бемор у рецепт асосида дорини олган-олмагани Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги масъулларга ҳам кўриниб туради. Бу эса тизим фаолиятини мувофиқлаштириш, кўп учрайдиган касалликларни ҳудудлараро таснифлаш ва уларнинг аниқ базасини яратиш каби соҳаларда қатор қулайликлар яратади.

Манбаа «Халқ сўзи» газетасининг расмий веб-сайтидан олинди