Қарши шаҳрида чет эллик моҳир кардиохирург иштирокида бир қатор мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди

👨‍⚕️Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қарши филиалида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Маринский шаҳар шифохонаси кардиохирургия бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Видади Эфендиев иштирокида маҳорат дарслари бўлиб ўтди.

🩺 Бундан мақсад Қашқадарё вилоятида ноёб турдаги кардиожарроҳлик амалиётларини кенг йўлга қўйиш, филиал мутахассислари томонидан уларни мустақил амалга оширишга замин яратишдан иборат.

🫀Икки кун давомида Видади Эфендиев ҳамда маҳаллий кардиохирурглар биргаликда жами 6 нафар беморда ноёб турдаги мураккаб амалиётларни ўтказди.

— Россиялик ҳамкасбимизнинг тажрибаси билан танишиш филиал мутахассислари учун айни муддао бўлди, — дейди тиббиёт фанлари номзоди Адҳам Жалилов. — Ишлаб турган юракда аорта-коронар шунтлаш, митрал стенозни бартараф этиш, гипертрофик кардиомиопатия касаллиги бор беморда “Морроу операцияси”, аортал клапан протезлаш ва митрал клапан комиссуротомияси каби мураккаб турдаги амалиётларни биргаликда муваффақиятли ва асоратсиз бажардик.

🏥 Маълумот учун, Маринский шаҳар шифохонаси Санкт-Петербург шаҳридаги педиатрия тиббиёт университети, Академик И.П.Павлов номидаги давлат тиббиёт университети ҳамда тиббиёт академияси каби нуфузли муассасаларнинг илмий-амалий, ўқув ва клиник базаси ҳисобланади.

Cоғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.