Юртимизда истиқлол шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Қарши шаҳридаги 3-сон оилавий поликлиниканинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Янги объектнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов, шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев, вилоят масъуллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Мазкур оилавий поликлиниканинг 1956 йилда қурилган биноси маънан эскириб, аҳоли ва тиббиёт ходимлари учун қатор ноқулайликлар мавжуд эди. Унинг ўрнига 4 млрд. сўмга яқин маблағ эвазига замонавий типдаги 3 қаватли поликлиника биноси қуриб битказилиб, жами 36 нафар шифокор, 114 нафар ўрта ва 20 нафар кичик тиббиёт ходимлари меҳнат қиладиган муассасада аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Очилиш маросимидан сўнг тадбир иштирокчилари поликлиникада яратилган шароитлар билан танишдилар.