ҚАРШИДА ЎТКАЗИЛГАН ВЕЛОМАРАФОН АСЛ САЛОМАТЛИК ВА СПОРТ БАЙРАМИГА АЙЛАНДИ

⚡Қарши шаҳрида 22 сентябрь — “Халқаро автомобилсиз кун” муносабати билан веломарафон ташкил этилди.

 

🚴🏻Ушбу марафон Олимпия захиралари коллежи ёнидан вилоят мусиқали драма тeaтри олдига қадар давом этди.

📌Вилоят спортни ривожлантириш бош бошқармаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия вилоят бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, вилоят «Ватанпарвар» ташкилоти, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтган марафон кўтаринки руҳда ташкил этилди.

Акцияда ҳаваскор спортчилар, турли ёш тоифасидаги ўғил-қизлар, давлат идоралари, хусусан, тиббиёт тизими ходимларидан иборат 1300 нафардан зиёд аҳоли вакиллари иштирок этишди.

Президентимизнинг 2022 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, спортнинг велоспорт турини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, оммалаштириш, бу орқали соғлом турмуш тарзини юксалтириш мақсадида уюштирилган тадбир қатнашчиларга юқори кайфият ва тетиклик бағишлади.

 

-Бугун велосипедда юришга иштиёқманд кишилар сафи кенгаяётгани айниқса биз- шифокорларни жуда қувонтиради,- дейди Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази Қарши шаҳар бўлими бошлиғи Наргиза Бўронова. – Шаҳримизда махсус велойўлакларнинг бунёд этилаётгани бу борада кўплаб қулайликлар яратмоқда. Бугун шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, шаҳримиздаги оилавий поликлиникалар ва даволаш-профилактика муассасалари раҳбарларидан тортиб шифокор ва ҳамшираларгача тадбиримизда шахсий ўрнак кўрсатишди.

 

Тадбирда ҳарбий оркестр ижросида янграган куйлар иштирокчиларга ўзгача хушнудлик бахш этди.

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.