ҚАРШИДА ЯНА 2 ТА ТРАНСПЛАНТАЦИЯ: ЎҒИЛНИНГ БУЙРАГИ – ОТАГА, ОТАНИКИ – ЎҒИЛГА КЎЧИРИЛДИ

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида биратўла икки нафар беморда буйрак трансплантацияси муваффақиятли бажарилди.

Бир неча йилдан буён сурункали буйрак етишмовчилигидан азият чекиб, гемодиализ сеансларини олиб келган 26 ёшли косонлик бемор С Д.га отасининг, худди шундай касаллик билан мурожаат қилган чироқчилик 55 ёшли Ф.Ш.га ўғлининг буйраги кўчириб ўтказилди. Айни пайтда беморларнинг ва донорларнинг аҳволи яхши, кўчирилган буйракларда пешоб ажралиши кузатилди.

 

-Бундан тўрт-беш йил илгари фақат хорижда бажариб келинган инсон аъзолари трансплантацияси ўзимизда – Қаршида қилинади, деса одамларга эртакдек туюлар эди, -дейди марказ бош шифокори Жамшид Диёров. – Ўтган йили марказимизда пойтахтимиздан келган мутахассислар ва маҳаллий шифокорлар иштирокида бемор эркакка турмуш ўртоғининг бир буйраги муваффақиятли тарзда кўчириб ўтказилган эди. Мана, бугун бу ерда яна 2 нафар беморда буйрак трансплантацияси амалга оширилди. Бир тасаввур қилинг, бу каби ноёб операциялар умидсиз бўлиб қолган беморларга қанча нажот беради, оилаларга қанчалик чексиз қувонч олиб киради.

Энг муҳими, бу мураккаб операцияларни академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий маркази билан бир қаторда бизнинг марказимизнинг Ҳиндистонда малака ошириб келган моҳир жарроҳлари бажаришмоқда. Келгусида бу каби операциялар сонини кўпайтириш, уларни туманларда ҳам амалга ошириш, вилоятда жигар кўчириб ўтказишни йўлга қўйиш, трансплантация бўйича малакаларини ошириш учун марказимиз мутахассисларини Беларусь Республикасига юбориш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида қайд этиш зарурки, марказда биргина 2023 йилнинг 6 ойи давомида жами 110 нафар беморда ноёб, мураккаб, юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

Бугун жаҳон тиббиётининг энг илғор ютуқлари Қашқадарёга ҳам жадал кириб келмоқда. Бу Президентимиз қайд этганидек, юртимизда инсон қадри эъзозланаётганининг яққол ифодасидир.