“ЭЗГУЛИК МАНЗИЛИ” ТИББИЙ АКЦИЯСИ ҚАШҚАДАРЁДА

Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди томонидан Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд, кам таъминланган, оғир шароитга тушган оилалардаги бемор болаларга консультатив ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида навбатдаги “Эзгулик манзили” хайрия акцияси ўтказилмоқда.

Акцияга Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасининг тажрибали мутахассислари жалб этилган.

Вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида ташкил этилган мазкур акциядан кўзланган асосий мақсад Жамғарманинг тиббий дастурларига асосан оғир ташхисли бемор болаларни даволаш, бепул дори-дармон воситалари билан таъминлаш, улар саломатлигини мунтазам тиклаб бориш, пировардида операция қилинишига зарурат бўлган бемор болаларда мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказишдан иборатдир.

Фонд ташкилотчилари томонидан бу каби акциялар республикамиз бўйлаб мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Шу кунгача, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Андижон, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларида худди шу каби 1200 нафардан ортиқ болалар тиббий кўрикдан ўтказилди, шу ернинг ўзида операция қилиниб, уларни реабилитация қилиш чора-тадбирлари уюшган тарзда юртимиз ва хорижлик шифокорлар иштирокида амалга оширилди.

-Акциянинг дастлабки кунида 250 дан ортиқ бемор болалар ва уларнинг ота-оналари ташриф буюришди,- дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Тўлқин Расулов. – Биринчи босқичда барча болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шифокорларнинг тавсия ва хулосалари асосида шу ернинг ўзида 45 нафар болада операция ўтказиладиган бўлди. Қолган болаларда эса бу жараёнлар босқичма-босқич амалга оширилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари эса бу мурувват ёрдамидан мамнун.

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ташкил этилган Жамоат фонди томонидан қисқа давр мобайнида республикамизнинг кўпгина ҳудудларида тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож болажонларга хайрия тадбирлари ташкил этилди, операция харажатлари тўлиқ қоплаб берилди.

Қашқадарёда ўтказилаётган акция доирасида ҳам Жамоат фонди томонидан нафақат болаларни операция қилиш, балки уларни соғломлаштириш, зарур дори воситалари билан таъминлаш каби харажатлар ҳам тўлиқ қоплаб берилмоқда.

Акция 24 сентябрга қадар давом этади.