Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан бошланган «Саломатлик сайиллари» ойлиги доирасида Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган тадбирлар уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Аҳоли орасида касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида шаҳардаги Беруний оромгоҳида ўтказилган «Саломатлик сайли»да Китоб, Яккабоғ, Шаҳрисабз туманлари ва шаҳар аҳолисининг 800 дан зиёд вакиллари иштирок этишди.
Тиббий кўриклар давомида уларга пойтахт, вилоят маркази ҳамда шаҳар тиббиёт бирлашмасининг малакали мутахассислари томонидан зарур тавсиялар берилди. Касаллик асорат қолдирган ва муолажага муҳтож беморлар даволанишга йўналтирилди.
Тадбир давомида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Тешаев ҳамда республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Хуршид Фозилов аҳоли вакиллари билан мулоқот ўтказишди.