ЧОРВА МОЛЛАРИНИ ПАРВАРИШЛАШДА ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

📌 Қрим – Конго геморрагик иситмаси табиий ўчоқли, асосан чорва молларида учрайдиган Иксод каналари орқали юқадиган, аксарият ҳолларда иситма ва геморрагик белгилар (ички ва ташқи органлардан қон кетиши, баданда тошма тошиши, қонталашлар) билан намоён бўладиган ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади.

⚡️Вақтида ёрдам кўрсатилмаса, оқибати нохуш бўлиши мумкин. У бошқа ўта хавфли юқумли касалликлар каби асосан иссиқ иқлимли ҳудудларда учрайди.

🐄 Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигини келтириб чиқарувчи вируслар табиатда тоғ олди ва чўл ҳудудларида тарқалган. Ҳаммамизга маълумки, чорва моллари шундай ҳудудларда боқилади. Бу эса чорва молларининг касаллик манбаига айланиб қолишига шароит яратади. Шу боис ёзнинг айни жазирама кунларида чорва молларини парваришлашда жуда эҳтиёткор бўлишингизни сўраймиз.

🛌 Яқинда Деҳқонобод туманида бир беморда ушбу касаллик қайд этилди. Бу хусусда дарҳол белгиланган тартибда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа тегишли идораларга ахборот берилди. Бемор билан мулоқотда бўлганлар белгиланган тартибда тиббий кузатувга олинди. Кузатув даврида уларнинг ҳеч бирида касаллик аломатлари кузатилмади.

❗️Қрим-Конго геморрагик иситмаси ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликлар билан курашиш нафақат тегишли хизматларнинг, балки кенг жамоатчилик, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг ҳам ишидир. Шундай бўлган тақдирдагина биз кўзлаган мақсадимизга, яъни фуқароларимизни ўта хавфли юқумли касалликлардан муҳофаза қилишга эришишимиз мумкин.