Янги туғилган боланинг суяги мўрт бўлади. Озгина эҳтиётсизлик ҳам унда тузатиб бўлмас асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, жазирама кунларда чақалоқнинг бош соҳаси жиддий эътибор талаб қилади.
— Янги туғилган гўдакнинг бош чаноғи бир нечта ўзаро бирикмаган суяклардан иборат бўлади, – дейди педиатр Шозода Каримова. — Ушбу суяклар орасида юмшоқ жойлар, яъни лиқилдоқлар борлигини сезиш мумкин.
🧠 Улар бола туғилиши ва ташқи муҳитга мослашишида муҳим ўринга эга.
🪆Биринчидан, бош лиқилдоқлари туғуруқ жараёнини осонлаштириб, боланинг қўшимча хавфсизлигини таъминлайди.
👶🏻 Туғуруқдан сўнг вақт ўтиб боланинг боши асл шаклига қайтади.
🪆Иккинчидан, лиқилдоқлар табиий амортизатор бўлиб хизмат килади. Боланинг бошига бирор нарса тегиб кетса, у зарб кучини камайтиради.
🌡Чақалоқларда катталардан фарқли ўлароқ тана ҳарорати мувозанатини сақлаш тизими ҳали яхши ривожланмаган бўлади. Лиқилдоқлар эса бу тизим вазифаларининг бир қисмини ўз зиммасига олади.
⚖️ Бундан ташқари, гўдакнинг тана ҳарорати кўтарилганда лиқилдоқнинг юпқа мембранаси мияни табиий ҳолатда совутади.
👼🏻 Бола чинқириб йиғлаганда лиқилдоқ сал шишади.
👩🏻🍼 Ичига ботган лиқилдоқ эса одатда организм сувсизланганидан дарак беради. Бу ҳолат кучли ич кетиши ёки қусиш оқибатида юзага келади. Бундай ҳолатда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим.
✅ Ота-оналар болада лиқилдоқнинг битишига алоҳида аҳамият беришлари лозим. Бунда гўдакнинг ёшига мувофиқ тана оғирлиги ва бошининг умумий айланаси ҳам ҳисобга олиниши муҳим. Лиқилдоқнинг битиш муддати 3 ойдан 24 ойгача, баъзан ундан ортиқ вақтгача ўзгариб туради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.