Вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Тешаев иштирокида тизимда коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023 йилнинг 1-чорагида амалга оширилган ишлар бўйича матбуот анжумани ташкил этилди.
Бошқарма бошлиғи тадбирда иштирок этган журналист ва блогерларга мавзуга доир маълумот берди.
Қайд этилишича, айни пайтда миллий тиббиёт тизимида улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Масъулиятни ҳис этиб, меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари элнинг дуосини олишаяпти, обрў-эътибор қозонишаяпти.
Аммо, минг афсуски, тизимда ўзларининг қинғир ишлари билан “оқ либосига доғ тушираётганлар” ҳам учраб турибдики, улар аҳолининг соҳага бўлган ишончию ҳурматига путур етказишмоқда.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасаларда коррупцияни келтириб чиқараётган сабабларни бартараф этиш, айниқса бюджет маблағлари харажати жараёнида инсон омилини камайтириш, замонавий ахборот технологияларини изчил жорий этиш, соғлиқни сақлаш муассасаларида моддий-таъминот хизмати тизимни ўзгартириш, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, очиқликни таъминлашга қаратилган бир қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси аппаратидан тортиб, энг қуйи бўғинидаги вакилини ва хусусий тиббиёт муассасалари ходимларини қамраб олувчи соҳалар кесимида жиноятларнинг олдини олиш ҳамда уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Таҳлил натижалари барча соҳа ходимлари ҳамда тегишли идоралар вакиллари иштирокида бошқарма, туман ва шаҳар тибббиёт бирлашмалари ҳамда даволаш профилактика муассасаларининг кенгайтирилган йиғилишларида танқидий муҳокама қилинмоқда.
Шундай кенгайтирилган йиғилишлардан бири 2023 йил 24 март куни ўтказилди. Йиғилишда Китоб тумани туғруқ бўлимида содир этилган, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган тамагирлик ҳолати батафсил муҳокома қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Мазкур ҳолатда шифокор ва доя ҳамширадан тортиб бўлим бошлиғи ва туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари вазифасини бажарувчигача ишдан бўшатилгани, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳолат ўрганилаётганлиги қайд этилди.
Мазкур йиғилишларда бундай иллатларнинг олдини олиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш, айниқса, давлат харидлари, пуллик хизмат, ишга қабул қилиш масалаларида очиқликни таъминлаш, “Устозлар кенгаши” фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқармамиз тизимида коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиб, бу борадаги ҳеч бир мурожаатни эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қилмоқда. Жумладан, бошқарма бошлиғи Бобур Тешаевнинг +998-99-186-70-72 шахсий телефон рақами орқали соҳадаги коррупциявий ҳолатлар юзасидан аниқ факт ва далилларга асосланган мурожаатлар қабул қилинмоқда.
Қолаверса, бошқармамиз қошида эса “1103” қисқа рақамли “Call-марказ” ишлаб турибди. Фуқароларнинг қабул кунлари ҳақидаги маълумотлар бошқарма биносининг кириш қисмида жойлаштирилган. Ҳар бир тиббиёт муассассасида коррупциянинг олдини олишга доир тарғибот лавҳалари, ишонч телефонлари ҳақидаги маълумотлар кўринарли жойда илинган, мурожаатлар бўйича аноним қутилар ўрнатилган.


Оппоқ қоғозга қора қалам билан бир нуқта қўйиб, кимгадир кўрсатсангиз, у энг аввало каттакон оқ қоғозни эмас, ўша митти доғни кўрганини айтади, деб таъкидлади Бобур Тешаев хулоса ўрнида. Тиббиётдаги коррупция ҳам ўша қора доғга ўхшайди. Биргина шундай нохуш ҳолат ўнлаб қилинган хайрли ишларга ўз кўланкасини солмасдан қолмайди. Аслида бу иллат барча соҳа учун бегона эмас, аммо беморнинг давосига эмас, чўнтагига кўз тикадиган тиббиёт ходимининг жирканч қилмиши энг катта хиёнат деб баҳолаш ўринли бўлади.
“Тиббиёт ходимларига халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак”,- деб таъкидлаган эди Президентимиз. Бу ишончга муносиб бўлиш учун улар соҳа фидойиларидан ибрат олиб, ҳалолликни шиор қилган ҳолда ўз фаолиятларига виждонан ёндашишлари зарур.
Бошқарма бошлиғи анжуманда журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.