“ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР – ИНСОН ҚАДРИ УЧУН!” МАВЗУСИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

 

Матбуот анжуманида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Тешаев, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳамда ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари вилоят филиалларининг бир қатор раҳбарлари иштирок этдилар.

Анжуманда бошқарма бошлиғи томонидан Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида вилоят соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.

 

Қайд этилишича, айни пайтда Қашқадарё вилоятида 299 та давлат, 622 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда.

 2022 йилда Инвестиция давлат дастури доирасида 12 та, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида 12 та, Президент ташрифи доирасида 19 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиш белгиланган бўлиб, жами 43 та тиббиёт муассасасида 170,238 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Хусусан, энг йирик тиббиёт муассасалари ҳақида тўхталадиган бўлсак, Кўкдалада тиббиёт бирлашмаси ва кўп тармоқли марказий поликлиникаси биноси қурилмоқда. Нишон ва Косон туманлари тиббиёт бирлашмалари бинолари тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилиш арафасида.

Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда суд-тиббий экспертиза вилоят филиаллари, вилоят ОИТС маркази, Шаҳрисабз тумани болалар шифохонасида кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

2022 йилда 2 та оилавий поликлиника, 8 та оилавий шифокор пункти фаолияти қайта тикланди. Косон туманида эндокринология бўлими ташкил этилди, Чироқчида ҳам бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда.

3 та ҳудудда – Шаҳрисабз шаҳри, Ғузор ва Касби туманларида туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон томир касалликлари маркази фаолияти йўлга қўйилди. Улар энг ноёб тиббий ускуналар билан таъминланди. Хусусан, бу марказларда иш бошлаган гемодиализ бўлимлари беморлар учун катта қулайлик яратди. Янги очилган Кўкдала туманида ҳам худди шундай 4-муассаса – туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон томир касалликлари марказини очиш мўлжалланмоқда.

Айни пайтда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида жами 930 ўринга мўлжалланган “Она ва бола” кластери фаолиятини йўлга қўйиш бўйича иш олиб борилмоқда. Мазкур кластер болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидан ташқари перинатал марказ, туғруқ комплекси, скрининг маркази, репродуктив саломатлик маркази, болалар онкогемотологияси, болалар кардиохирургияси, кардиореанимация бўлимларидан иборат бўлиши кўзда тутилмоқда.

Айни пайтда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги вилоят даволаш профилактика муассасаларида, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида фаолият кўрсатиб келаётган шифокорлар сони 5069 нафарни (ҳар 10 000 аҳолига нисбатан 27,7 фоиз) ташкил этади, бундан 3361 нафари туман ахолисига хизмат кўрсатиб келаётган шифокорлардир. Ўрта тиббиёт ходимлари сони жами 37734 нафарни ташкил этади.

 Ҳозирги кунда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги шаҳар, туман тиббиёт бирлашмаларида шифокорларга бўлган эҳтиёж 644 нафар ҳисобланади. Шундан 168 нафари оилавий шифокор мутахассислар, 476 нафари эса тор соҳа мутахассисларига бўлган эҳтиёждир.

Энг кўп оилавий шифокорлар етишмовчилиги Чироқчида-89, Нишонда-53, Қарши туманида-23, Дехқонободда-37, Қамашида-23, Китобда-15, Яккабоғда-14 нафарни ташкил этади.

Айни пайтда вилоятимизда 22 нафар тиббиёт фанлари номзоди ахолига тиббий хизмат кўрсатишга муносиб ҳиссаларини қўшмоқда. Жорий йилда вилоятдаги тиббиёт муассасаларига тиббиёт олий йўналишидаги олий таълим муассасаларининг 115 нафар битирувчиси ишга жойлашди. Шундан 92 нафари бакалавр, 18 нафари клиник ординатор, 5 нафари магистрни ташкил этади.

Ҳозирги кунда вилоят муассасаларида фаолият юритиб келаётган шифокорларнинг 1390 нафарини (26,8 фоиз) пенсия ёшидагилар ташкил этмоқда.

2021-2022 ўқув йилида клиник ординатура учун 34 нафар тор соҳа мутахассисига маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағ тўлаб берилган. Тиббиёт ходимлари касбий малакасини ривожлантириш маркази Қарши филиалида 429 нафар шифокор малака оширган. Шунингдек, вилоятимизда жами 10 нафар врач хорижий мамлакатлар клиникаларида малака ошириб қайтди.

Бугун тизимнинг раҳбар кадрлар таркиби ёшариб бораётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Биргина жорий йилнинг ўзида кўплаб йирик муассасалар ва тиббиёт бирлашмаларига ёш мутахассислар раҳбар этиб тайинланди.

Ўтган йилда имтиёзли ордер асосида даволанганлар сони 12 848 нафарни ташкил этди, жорий йилнинг ўтган даврида эса бу кўрсаткич 7500 нафарга яқинлашди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан “Қашқадарё тажрибаси” сифатида олис ва чекка ҳудудларда аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида махсус жиҳозланган мобиль поликлиника ташкил этилган. Мазкур техника орқали 10 000 дан ортиқ фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилган.

“Қишлоқ шифокори” дастури асосида олис ва чекка ҳудудлар 11 нафар олий маълумотли шифокор билан таъминланди. Уларнинг ҳар бирига 30 миллион сўмдан рағбат пули тўлаб берилди. Олис ҳудудларда шифокорлар учун 7 та хизмат уйи ташкил этилди.

Соҳада рақамлаштиришга катта эътибор қаратилаётгани тиббиёт ходимлари ва беморлар учун катта имкониятлар яратмоқда. Тизимдаги муассасалар босқичма-босқич оптик толали кабель киритилган ва юқори тезликдаги интернет билан таъминланмоқда. Тизим ходимлари компьютер саводхонлиги бўйича IT-марказларда ўқитилмоқда. Тиббиёт муассасаларида босқичма-босқич “Электрон поликлиника”, “Электрон ҳужжат алмашинуви” тизимлари йўлга қўйилмоқда. Республика ихтисослаштирилган радиология ва онкология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган эндокринология вилоят филиаллари сингари бир қатор муассасаларда “Электрон шифохона” тармоғи ишлаётгани беморларимиз учун катта қулайликлар яратди.

Аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишда “бир қадам” тамойилида янги механизм жорий этилмоқда. Ўрганишлар ва аҳоли таклифларини инобатга олиб 95 та олис ва чекка ҳудудда контейнер шаклидаги маҳалла тиббий пунктларини ташкил этилди.

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни аҳолига янада яқинлаштириш чоралари кўрилмоқда. Бу мақсадда 4 та давлат тиббиёт муассасаси – вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиаллари томонидан давлат тиббий суғурта жамғармаси билан 3 миллиард сўмга шартнома тузилди. Бу йўналишда 2 та хусусий тиббиёт муассасасида ҳам кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Тиббий суғурта орқали амалга оширилган юқори технологияли операциялар сони 325 тадан ошди.

Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотдаги маърузада тизимдаги барча муаммолар тизимлаштирилиб, 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди. Ҳар бир банд бўйича аниқ молиявий манбалар, техник ечимлар ва амалий механизмлар белгиланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари жорий йил 24 мартда қабул қилинган Ф-33-сонли фармойиши билан тасдиқланган “Йўл харитаси” асосида ишни қандай ташкил этиш бўйича аниқ йўналишни белгилаб берди. Бу “Йўл харитаси” шу кунларда тизимда асосий дастуриламалга айланди.

“Йўл харитаси” ижросини энг аввало пилот ҳудудлар сифатида Чироқчи тумани ва Қарши шаҳри, сўнг бутун Қашқадарё вилояти миқёсида намуна сифатида кўрсатиш кўзда тутилди.

Шу мақсадда апрель ойидан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, Президент маслаҳатчисининг ўринбосари Лазиз Тўйчиев раҳбарлигида вазирлик мутасаддилари ҳамда республиканинг барча ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари вакилларидан иборат 150 кишидан ортиқ гуруҳ бевосита амалий ёрдам учун вилоятга келиб жуда кенг миқёсдаги соғломлаштириш акцияси ташкил этишди.

Акция доирасида Чироқчи тумани марказида ва янги ташкил этилаётган Кўкдала тумани ҳудудида тиббий кўриклар ҳамда вазирнинг “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” шиори остидаги сайёр қабуллари ташкил этилди. Жами 10 331 нафар бемор кўрикдан ўтказилди. Шундан 1507 нафари оператив давога муҳтож деб топилди. 102 нафарида акция жараёнида жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Бу каби тиббий кўрик ва скрининглар ҳудудларда изчиллик билан давом эттирилмоқда. Ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари вилоят филиалларида жорий йилда қуйидаги юқори технологик операциялар ташкил этилди: яъни 28 нафар беморга эндопротез қўйилди, 30 нафарда нейрожарроҳлик, 32 нафарда ошқозон-ҳазм тизими, 28 нафарда урологик, 93 нафарда офтальмологик, 448 нафар беморга кардиожарроҳлик бўйича юқори технологик амалиётлар ўтказилди.

Инсон қадрини улуғлаш, тиббиёт соҳасини халққа янада яқин қилиш мақсадида жойлардаги тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати муассасалари фаолиятини чуқур ўрганиб чиқиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган вилоятда тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш ҳудудий дастури бўйича йўл харитасини белгилаб олдик.

2022-2023 йилларга мўлжалланган мазкур дастур ижроси учун маҳаллий бюджетдан жами 26,6 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур дастур доирасида хусусан қуйидаги тадбирлар амалга оширилади. Қарши шаҳар тез тиббий ёрдам маркази негизида Республика тез тиббий ёрдам маркази Қашқадарё ҳудудий филиали жойлаштирилади. Бу ерда таъмирлаш-реконструкция, қўшимча бинолар қуриш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Филиал замонавий талаблар асосида жиҳозланади, ягона “Call-марказ” ва ситуацион мувофиқлаштирувчи бўлим фаолияти йўлга қўйилади. Тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари ва махсус автотранспорт воситалари (эҳтиёт қисмлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқалар), дори ва сарфлаш материаллари, тиббий жиҳозлар билан таъминлаш мазкур филиалга ўтказилади. Филиалда Тошкент шаҳар тажрибаси асосида электрон бошқарув тизими жорий этилади. Ҳар бир тиббий бригада планшетлар ва уларнинг захиралари билан таъминланади.

Шунингдек, мазкур дастур асосида вилоятда тоғли ҳудудлар ҳисобланган Деҳқонобод, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Яккабоғ туманлари учун тез тиббий ёрдам хизматида санитар авиация шаклида тиббий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Вилоятда тиббиётнинг хусусий секторида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, бугун тизимда Китобдаги “Саломатлик академияси” ёки “Dr.Boboev health center” хусусий клиникаси ҳақида билмайдиганлар йўқ, десак айни ҳақиқатни гапирган бўламиз. Бу муассасалар раҳбари, II даражали «Саломатлик» ордени соҳиби, фидойи инсон Алишер Бобоев ҳам бир неча йилдан бери соҳадаги оламшумул ишлари билан барчамизни ҳайратга солиб келмоқда.

 Айни пайтда бу ерда урология ва хирургия соҳасида катталар ва болаларда бир йилда ўртача 2000-2500 та юқори технологияли операциялар амалга оширилмоқда.

Клиникага жорий йилда Вазирлар Маҳкамасидан «Нодавлат кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш фаолияти»га рухсат олинган эди. Эндиликда бу куюнчак жамоа даволаш ишлари билан биргаликда кадрлар тайёрлаш фаолияти билан ҳам шуғулланиб, юқори малакали кадрлар тайёрлашга ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Келгусида марказда лапараскопия ҳамда роботлар жарроҳлик амалиёти бўйича махсус цикллар йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Бу ерда имтиёзли йўлланма асосида амалга оширилаётган юқори технологияли операциялар сони 130 дан ортиб кетганини ҳам қувонч билан қайд этиш зарур.

Тизимда кўзда тутилаётган энг катта янгиликлардан яна бири – Қарши давлат университетининг Тиббиёт факультети негизида Қарши тиббиёт институтини ташкил этиш хусусида иш олиб борилмоқда.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.