ССВ: Япония тиббиёт соҳасидаги учта лойиҳа учун янги грант ажратди

Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлигида Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хатори Такаши билан учрашув бўлиб ўтди.

✅ Унда икки томонлама ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида сўз борди.

📈 Япония Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлиб, мамлакатларимиз ўртасида тиббий кадрларни тайёрлаш, касалликлар муолажаси ва профилактикаси, соҳани рақамлаштириш каби қатор йўналишларда ўзаро алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

🚑 Хусусан, кун чиқар юрт томонидан мамлакатимиз учун тақдим этилган замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозланган махсус тиббий контейнерлар олис ҳудудларда яшовчи юртдошларимизни ҳам замонавий тиббий хизматлар билан қамраб олиш имконини бермоқда.

🏥 Япония томонидан “Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам” дастури доирасида юртимиз тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш учун грантлар ажратиб келинаётгани уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга хизмат қиляпти.

📊 Қайд этиш лозимки, амалга ошириб келинаётган ушбу грант дастури доирасида бугунга келиб, соғлиқни сақлаш, таълим ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий миқдори 28 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган 420 дан ортиқ лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди.

✍️ Учрашувда мазкур дастур доирасида яна учта лойиҳа бўйича грант шартномалари имзоланди.

🔬Унга кўра, Самарқанд шаҳар 2-сон туғруқхонаси, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказининг Қарши филиали ҳамда Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасини замонавий тиббий-асбоб ускуналар билан таъминлаш учун грант маблағлари ажратилди.

📌 Мулоқот чоғида Хатори Такаши Япония бундан кейин ҳам Ўзбекистонда юқори сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга ҳисса қўшишда ҳамкорликни давом эттиришини таъкидлади.

♻️ Шунингдек, учрашувда тиббий таълим соҳасидаги ўзаро алоқаларни кенгайтириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.