🏢 Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Республика ихтисослаштирилган гематология илмий амалий тиббиёт марказида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
📃 Президентимизнинг 2021 йил 27 майдаги “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида алоҳида Республика ихтисослаштирилган гематология илмий амалий тиббиёт маркази ва Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази алоҳида муассасалар сифатида ташкил этилди.
🏥 Республика ихтисослаштирилган гематология илмий амалий тиббиёт марказида ташкил қилинган юқори технологик молекуляр-генетика лаборатория молекуляр-генетик, цитогенетик, иммунофенотиплаш ва иммуногистохимик мураккаб текширувларни юқори даражада амалга оширувчи муассаса ҳисобланади.
🔬Вазир ташриф чоғида марказнинг молекуляр-генетик лаборатория бўлимини кўздан кечирди.
🩸Айтиш жоизки, бу ерда бажариладиган таҳлилларни бир неча йил илгари Ўзбекистонда мутлақо ўтказиш имкони бўлмаган. Шунинг учун беморлардан олинган намуналар чет элга юборилиб, у ердан тегишли жавобларни кутишга тўғри келар эди. Ҳозирда бу текширишлар марказнинг юқори малакали ходимлари томонидан тўлиқ бажарилмоқда.
🌎 АҚШ, Туркия ва Россия олимлари билан ҳамкорликда фаолият юритиб келаётган ушбу лаборатория ҳозир АҚШ стандартлари (ISO) асосида аккредитациядан ўтишга тайёргарлик кўрмоқда.
🥇Шундан сўнг мазкур бўлим Марказий Осиё мамлакатлари доирасида референс лабораторияга айланади ва бу Ўзбекистон тиббиёти учун муҳим воқеа бўлиши кутиляпти.
🔬 А.Иноятов марказнинг клиник-диагностика лабораториясини кўздан кечирар экан, клиник лаборатория, вирусология, гемостаз, биокимё, иммунология ҳамда спинал мушак атрофияси генларини текширувчи лабораториялар ишини юксак баҳолади.
🧬 Республика ихтисослаштирилган гематология илмий амалий тиббиёт марказида юртимизда илк бор Ўзак ҳужайралар трансплантацияси бўлими ишга туширилган бўлиб, вазирлик мутасаддилари унинг фаолиятини ҳам ўрганди.
🪡Ҳозирга қадар муассасада тиббиётимиз тарихида биринчи бор аллоген, яъни донордан олинган суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиётлари йўлга қўйилиб, 6 нафар беморда шундай операциялар бажарилди.
💯 Бундан ташқари, марказ ходимлари томонидан аутологик, яъни беморнинг ўзидан олинган ўзак ҳужайралар трансплантацияси амалиётлари 94 нафар миелом ва лимфома касалликларига чалинган беморларида ўтказилди.
✅ Шундай лойиҳалар натижасида Ўзбекистон Тинч океани ва Осиё минтақаси мамлакатлари суяк кўмиги трансплантацияси ташкилотига (ABPMT) 23-аъзоси бўлиб қабул қилинди.
♻️ Учрашув давомида марказ мутахассислари вазирга катталарда аллоген ўзак ҳужайралар трансплантация амалиётларини ташкил қилиш учун ишлаб чиқилган тиббий дастурни тақдим қилди.
📊 Юқори технологик даволаш усулларини ҳудудларда татбиқ қилиш мақсадида, вилоятлар миқёсида илк бор Самарқандда бажарилган аутологик ўзак ҳужайралар трансплантацияси эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Фарғона вилоятларида йўлга қўйиш ҳамда ушбу манзилларда молекуляр-генетик текширув лабораторияларини очиш режалаштирилган.
📌 А.Иноятов бу бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмаларни берди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.