ССВ ташаббуси: Юртимизда “Ёшлар саломатлиги ойлиги” ўтказилмоқда

🏥 Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимизда “Ёшлар саломатлиги ойлиги” бошланди.

🗒 Шу йил май ойи давомида бўлиб ўтадиган акция доирасида 18-30 ёшгача бўлган ёшлар профилактик тиббий кўриклар, скрининг текширувлари ҳамда чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилади.

🔬Текширув натижаларига кўра аниқланган касалликлар бўйича беморларни давлат кўмагида даволаш, соғлиқларини мустаҳкамлаш чоралари кўрилиб, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича тадбирлар ташкил этилади.

🖇 Бунинг учун дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан тиббий кўрикдан ўтказиладиган ёшлар рўйхати шакллантирилиб, шу асосда улар ёши, жинси ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга ажратилади.

🩺 Шундан сўнг улар махсус тиббий бригадалар томонидан профилактик ва чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилади.

‼️ Кўриклар натижасида ҳаётида биринчи марта сурункали касаллик аниқланганлар диспансер назоратига олиниб, индивидуал соғломлаштириш режаси тузилади.

🛏 Шунингдек, ўткир ва сурункали касаллик аниқланганлар бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда амбулатор шароитда, стационар ёрдамга муҳтож бўлганлар эса туман ва шаҳар марказий шифохоналари, вилоят клиникалари ҳамда тиббиёт марказларида соғломлаштирилади.

🫀 Юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор беморларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилади.

🚑 Қолаверса, ойлик доирасида ўтказиладиган тиббий кўрикларнинг сифат ва самарадорлигини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш мақсадида олис ва чекка ҳамда чегара ҳудудларда кўчма бригадалар ёрдамида кўриклар ташкил этилади.

👩‍⚕️ Ёшлар орасида ҳомиладорлар, янги туққан аёллар ва ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлар ўрнатилган тартибда оила шифокори ва оила ҳамширалари томонидан патронаж қилиниб, зарур ҳолларда тор соҳа мутахассисларининг уйда кўриклари амалга оширилади.

👩‍🦼Тиббий кўриклар натижалари бўйича меҳнатга қобилиятини турғун йўқотган, организмнинг функцияси бузилиши ва ҳаёт фаолияти чегараланишини ҳисобга олган ҳолда ногиронлик белгиланиши зарур бўлган қатламга ногиронликни белгилаш чоралари кўрилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.