ССВ: Марказий Осиё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари Женевада қандай масалаларни муҳокама қилди?

Швейцариянинг Женева шаҳрида бошланган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси 76-сессияси доирасида ЖССТ Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге билан Марказий Осиё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари ўртасида норасмий учрашув бўлиб ўтди.

Йиғилиш бюро директори X. Клюгенинг баёноти билан бошланди. Унда 2022-2025 йилларда Марказий Осиё мамлакатларида саломатлик ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар хусусида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат ўтган йилнинг 11 сентябрида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан тасдиқланган. У минтақамизнинг беш мамлакатида соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган.

Хусусан, “Йўл харитаси” Марказий Осиёда иқлим инқирози, CОVID-19 пандемияси асоратлари ҳамда соғлиқни тизими билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, оналар ва болалар саломатлиги кўрсаткичларини янада яхшилаш, ноинфекцион касалликларнинг олдини олишга доир қатор муҳим чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Қолаверса, мазкур эзгу ташаббус минтақа аҳолиси саломатлиги ва фаровонлиги даражасини юксалтириш учун сармоя ва бошқа зарур ресурсларни жалб қилиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов кейинги йилларда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, унинг 53 давлатни ўз атрофида бирлаштирган Европа минтақавий бюроси билан ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланаётганини таъкидлади.

Чунончи, пандемия даврида ЖССТ кўмагида мамлакатимизга СOVID-19 га қарши вакцина, тиббий жиҳоз ва препаратлар келтирилиши, ташкилот томонидан касалликни даволаш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар минглаб юртдошлармиз ҳаётини сақлаб қолиш имконини бергани мамнуният билан қайд этилди.

Энди коронавирус оқибатлари ва асоратларини тезкор ҳамда самарали бартараф этиш — галдаги устувор вазифа. Бунда 2022-2025 йилларда Марказий Осиё мамлакатларида саломатлик ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Бинобарин, ҳужжатдан глобал иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ чора-тадбирлар ўрин олгани ҳам эътиборга молик. Чунки бу муаммо минтақа аҳолиси ўртасида юрак-қон томир, нафас олиш тизими касалликларига чалиниш ҳамда ўткир ичак инфекцияларини юқтириш хавфини оширади. Шунингдек, мураккаб экологик муҳит камқонлик, саратон ва сил билан хасталаниш кўрсаткичлари ошишига олиб келиши сир эмас.

❗️Шундан келиб чиққан ҳолда, якунда иштирокчилар “Йўл харитаси” ижросини жадаллаштириш юзасидан зарур чора-таббирларни белгилаб олди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.