ССВ: Йил якунига қадар “Тез ёрдам”га яна 610 дона А тоифали “Volkswagen Caddy” автомашиналари берилади

📌 “Олтин соат” оралиғида беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш — “103” хизматининг энг асосий вазифаси. Бундай паллаларда тиббиёт бригадасининг чақирув манзилига тез ва кечикмай бориши, ўз навбатида, беморларнинг тиббий кўрсатмага мувофиқ шифохонага зудлик билан етказилиши ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

(https://telegra.ph/file/760a605799d6de111ee7f.png)💻 Шу боисдан юртимизда «Тез ёрдам» хизмати фаолиятини такомиллаштириш, соҳа амалиётига энг сўнгги илмий-техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

🚑 Айниқса, тизимни энг сўнгги русумдаги ва барча қулайликларга эга бўлган замонавий автотранспорт воситалари билан таъминлаш борасидаги кенг қамровли чора-тадбирлар кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини бераётир.

🏥 Рақамларни таҳлил қилсак, биргина жорий йил январь ойида Республика тез тиббий ёрдам маркази автопарки юртимизда ишлаб чиқарилган 110 та “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланди. Шунингдек, март ойида “Jizzakh Auto” томонидан йиғилган бу турдаги автомобилларнинг яна 117 донадан иборат навбатдаги партияси ҳудудларга тақдим этилди.

✅ Бугун эса А тоифали яна 50 та “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашиналарини Қашқадарё ва Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги «103» шахобчаларига етказиб бериш бошланди.

▶️ — Дунё тажрибасида тез тиббий ёрдам хизматидаги автотранспорт воситаларини ишлатиш муддати ўртача 5-8 йилни ташкил этади, — дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуров. — Юртимизда ҳам фойдаланилаётганига 8 йилдан ошган машиналарни янгилаш лозимлиги белгиланган.

🔴 Шу сабабли “103” хизматида эскирган автоуловларни босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш чоралари кўрилмоқда. Бугунги тадбир эса бу ишларнинг амалий ифодаси бўлиб, йил якунига қадар яна 610 дона ана шундай транспорт воситалари ҳудудларга етказиб берилиши режалаштирилган.

‼️ Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бешинчи авлод А тоифали “Volkswagen Caddy” мутлақо янги MQB платформасида ишлайди. Улар 1,6 МPI атмосферали мотор билан жиҳозланган бўлиб, 6 поғонали механик узатмалар қутиси ва 110 от кучига эга. 100 километр масофага автомобиль аралаш циклда 7 литр ёнилғи сарфлайди.

♻️ Энг сўнгги ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган бу автотранспорт воситалари халқаро талабларга тўла мос келиб, унинг ички қисми бемор ва тиббий ходимларнинг қулай жойлашиши имконини беради.

🩺 Шунингдек, улар шаҳар ичида ҳаракатланиш бўйича юқори техник кўрсаткичларга эга бўлиб, ўтувчанлиги, ишончлилиги ҳамда тежамкорлиги билан ажралиб туради. Энг муҳими, бу автомобилларда ҳаракатни тўхтатмай туриб ҳам беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.