ЭКГ, УТТ, МРТ, рентген… Бугун шу каби қурилмаларсиз касалликларга аниқ ва тезкор ташхис қўйиш имконсиз. Қолаверса, замонавий муолажа усуллари, мураккаб операцияларни ҳам тиббий технологияларсиз бажариб бўлмайди.
Жонлантириш бўлимидаги беморлар умрига умр қўшиб турган, уларга энг муҳим ҳаётий неъмат — нафас улашаётган воситалар ҳам шулар — тиббиёт ускуналари…
Хўш, шундай шароитда шифохона бир кун, бир соат, қўйингки, 10 дақиқа электр таъминотидан бутунлай узилиб қолиши қандай оғир оқибатларга олиб келишини тасаввур қила оласизми?
Бундай нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик, уларнинг олдини олиш учун давлатимиз, ҳукуматимиз доимий ҳаракатда.
Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги тегишли қарори ижроси доирасида жорий йилда жами 1 789 та соғлиқни сақлаш муассасасига 18 450 кВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган.
Бу борада белгиланган вазифалар изчил бажарилмоқда. Муқобил энергия манбаларини кечиктирмай ўз манзилларига етказиш ва ишга тушириш чоралари кўриляпти.
Жумладан, йил бошидан буён республика ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1145 та тиббиёт объектига 7946 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди.
Соғлиқни сақлаш тизимига ажратилган маблағлар доирасида иқтисод қилинган 24,5 млрд. сўм ҳам шу мақсад учун йўналтирилди: 375 та маҳалла тиббиёт пункти, 50 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникаларга 2 352 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилди.
Жорий йил якунигача бундай муқобил энергия манбаи билан таъминланган тиббиёт муассасалари сони 1 789 тага етгач, ўрнатилган жами қуввати 18 450 кВтга тенг қуёш панеллари орқали йилига 45,7 млн. кВт электр энергияси ҳамда 46,2 млрд. сўмни иқтисод қилишга эришилади.
Қуёш энергияси орқали юқори қувват билан ишловчи технологияларни қандай ишлатиш мумкин? Бунинг ҳам ечими бор!
Жорий йил бошида тиббиёт муассасаларида 696 та дизель генераторидан фойдаланиб келинаётган эди. Президентимиз ташаббуси билан жойлардаги шифо масканларига 515 та қўшимча дизель генератори етказилиб, ишга туширилди.
‼️ Бу борада белгиланган вазифаларни келгусида ҳам босқичма-босқич давом эттириш режалаштирилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.