Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь билан учрашув ўтказди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда қайд этилганидек, давлатларимиз ўртасида тиббиёт соҳасидаги алоқалар кўлами тобора кенгайиб бормоқда.
Бунда Президентимизнинг жорий йил май ойида ушбу мамлакатга ташрифи доирасида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокараларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболлари белгилаб олингани муҳим аҳамият касб этяпти.
Учрашувда биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида сўз юритилди. Вилоят болалар ва катталар кўп тармоқли тиббиёт мрказларини магнит-резонанс томография ускуналари билан жиҳозлашга доир белгиланган ишлар шулар жумласидан.
Унинг доирасида Тошкент, Андижон, Самарқанд вилоятлари болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва бошқа муассасаларни ана шундай замонавий аппаратлар билан таъминлаш режалаштирилган.
Шунингдек, мулоқотда шу йил охиригача Ўзбекистон — Хитой халқаро тиббиёт форумини ўтказиш, тиббий таълим, кадрлар алмашинуви, фармацевтика, халқ табобати ва юқумли касалликларга қарши курашишга доир масалалар ҳам муҳокама этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.