ССВ: Беларусь билан оналар ва болалар саломатлиги бўйича кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилади

Бугун Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Беларусь Республикаси делегацияси вакиллари билан учрашув ўтказди.

Унда ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич, Беларусь Республикаси Миллий Кенгаши Вакиллар палатасининг хориждаги беларуслар ишлари бўйича Парламент гуруҳи раҳбари Валентина Ражанец, мазкур палатанинг Спорт, соғлиқни сақлаш, маданият, оила ва ёшлар масалалари бўйича Парламент комиссияси раиси, профессор Людмила Макарина-Кибак иштирок этди.

Мулоқот аввалида меҳмонларга кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

(https://telegra.ph/file/ed68bdb6be453aabac4dd.jpg)Ўз навбатида, Беларусь делегацияси вакиллари ўз мамлакатида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича эришилган ютуқлар хусусида сўзлаб берди.

Маълумки, Беларусь оналар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичи энг паст давлатлардан бири. Бу ерда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича такомиллашган меъёрий-ҳуқуқий база шаклланган, кадрларни тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилган.

Шундан келиб чиқиб, учрашувда Қашқадарёда барпо этилган Она ва бола саломатлиги тиббиёт маркази фаолиятига Беларусь бошқарув тизимини жорий этиш масаласи кўриб чиқилди. Бунинг учун Беларусь Она ва бола саломатлиги илмий-амалий марказининг мутахассисларини жалб қилишга келишиб олинди.

Шунингдек, меҳмонлар бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, шу жумладан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш кодексини ишлаб чиқишда яқиндан ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Кун тартибидан ўрин олган яна бир масала – бирламчи бўғинда меҳнат қилаётган акушерларни Беларусь таълим стандартлари асосида ўқитиш бўлди. Бу борада эришилган келишувга кўра, дастлабки босқичда Қашқадарё вилоятида бирламчи амбулатор тизимда фаолият юритаётган 900 нафар доя халқаро протоколлар асосида миллий мақсадлар ва демографик вазиятни ҳисобга олган ҳолда ўқитилади.

Якуний имтиҳон чет эллик экспертлар томонидан қабул қилиниб, ундан муваффаққиятли ўтганлар халқаро сертификатга эга бўлади.

Мулоқот давомида шу йил 13-24 ноябрь кунлари мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилган Беларусь тиббиёти кунларига тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Мазкур акция доирасида дўст мамлакатдан юртимизга болалар онкогематологияси, кардиология, онкология, неонатология каби йўналишлар бўйича етакчи мутахассислар, олимлар ташриф буюриши режалаштирилган. Улар иштирокида ҳудудларда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари, маҳорат дарслари, консилиум ва семинарлар ташкил этилади.

Қолаверса, ана шу акциянинг мантиқий давоми сифатида ноябрь ойи якунида Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларусь тиббиёт форуми ўтказилади. Икки давлат ўртасидаги тиббий ҳамкорликни мутлақо янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган ушбу нуфузли тадбирга юртимиздаги ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ташриф буюриши кутилмоқда.

Ўзаро ҳамкорлик алоқаларини туман даражасида ривожлантириш мақсадида форумда туман тиббиёт бирлашмалари масъуллари, шунингдек тиббиёт техникумлари ва тиббий олийгоҳлар раҳбарлари ҳам иштирок этади.

Тадбир якунида ўзаро манфаатли қатор меморандум ва келишувлар имзоланиши кўзда тутилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.