Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида яна бир турдаги юқори технологияли операция муваффақиятли бажарилди.
«Лапароскопик усулда чов чуррасини бартараф қилиш, аллогерниопластика амалиёти» деб номланган жарроҳлик амалиёти филиалнинг малакали мутахассислари томонидан Қарши туманилик 34 ёшли эркакда амалга оширилди. Айни пайтда беморнинг аҳволи яхши.


Қайд этиш зарурки, операцияни бажарган жарроҳлар яқинда филиалнинг 5 нафар мутахассиси сафида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида малака ошириб қайтишган эди.
Мазкур ўқув Президентимизнинг 2021 йил 4 октябрдаги «Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.
Филиал шифокорлари таҳсил олган Санкт-Петербургдаги И. И. Жанелидзе номидаги шошилинч тиббий ёрдам илмий тадқиқот институти халқаро доирада мазкур йўналишдаги нуфузли муассаса ҳисобланади.

Бу ерда орттирилган тажриба воҳамизда мазкур хизматни янада ривожлантиришда, замонавий даволаш усулларини амалиётга татбиқ этишда, мураккаб жарроҳлик амалиётлари турларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Филиалда муваффақиятли бажарилган янги турдаги мураккаб операция бунинг яққол далилидир.