📊 Туғма маймоқлик — энг кўп учрайдиган ортопедик нуқсон. Ер юзида ҳар 1000 чақалоқдан 4 нафари шу дард билан дунёга келади. Мутахассислар буни гўдакнинг она қорнидалигида болдир мушаклари ривожланмай қолиши билан изоҳлайди.
👨🏻🦽Энг ёмони, бепарволик, кеч ташхис ёки нотўғри муолажа оқибатида мазкур нуқсон келгусида ногиронликни келтириб чиқармоқда.
📌 Ваҳоланки, замонавий тиббиёт ютуқлари эндиликда бу нуқсонни жарроҳлик аралашувисиз, тез, осон ва самарали даволаш имконини бермоқда. Хусусан, юртимизда ҳам!
▶️ — Яқин йилларгача туғма маймоқликни муолажа қилишда қўлланилган анъанавий усуллар етарли натижа бермаган, ҳатто кўп ҳолларда оғир асоратларни ҳам келтириб чиқарган, — дейди Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов.
🔎 — Энди эса хавотирланишга ҳожат йўқ. Муассасамизда бу касалликни илғор хорижий давлатларда қўлланилаётган Понсети усулида даволашни ўзлаштирганмиз.
♻️ Ушбу амалиёт, аввало, юқори самара беради. Кам инвазив. Бемор учун катта қийинчилик туғдирмайди ва сарф-харажатлар нархи ҳам анча арзон.
⏳ Тузалиш муддати эса қисқа ва энг муҳими, асоратсиз. Шу билан бирга, беморни муолажадан сўнг реабилитация қилишга эҳтиёж йўқ.
Шифокорнинг қайд этишича, ҳозир марказда бу амалиёт уч босқичда бажарилмоқда.
✅ Илк босқич гипслаш амалиётидан иборат. Бунда беморнинг тиззаси 90 градус букилган ҳолда бутун оёқ узунлиги бўйлаб гипс боғламлари қўйилади ва улар ҳар 5-7 кунда узлуксиз алмаштириб борилади.
✅ Иккинчи босқичда маймоқликка хос асосий нуқсон — Ахилл пайи калталиги бартараф этилади. Пайни узайтириш жараёни терини кесмасдан, наркозсиз ва чоксиз амалга оширилади. Бу амалиётдан кейин бемор оёқларига яна 3 ҳафта давомида гипс боғлами қўйилади.
✅ Сўнгги босқичда маймоқ оёққа махсус мослама – Брейслар тақилади. Бу касаллик қайталанишининг олдини олишга хизмат қилади.
🗓 Мазкур жараён давомий бўлиб, бемор дастлабки 3 ой ичида сутканинг 23 соатида мазкур мосламани тақиб юриши зарур. Кейинчалик ушбу миқдор босқичма-босқич камайтириб борилади.
‼️ Эътиборли жиҳати, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида биргина жорий йилнинг ўтган даврида 600 нафар бемор Понсети усулида даволаниб, туғма маймоқликдан халос бўлди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.