Мурод Ирисметов,
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори:
▶️ — Юқори технологик жарроҳлик амалиётлари замонавий тиббиётнинг энг катта ютуқларидан бири. Аммо илғор усулларда бажарилган операциялар ҳам ҳали беморнинг дарддан тўлиқ халос бўлганини англатмайди. Чунки бу — муваффиқятнинг ярми холос. Қолгани муолажаларнинг ажралмас қисми бўлган тиббий реабилитациянинг қандай кечиши билан чамбарчас боғлиқ.
🦿Сўнгги йилларда коронавируснинг оғир асорати сифатида намоён бўлаётган тизза ва чаноқ-сон бўғимлари емирилишига алоқадор хасталикларни жарроҳлик йўли билан даволаш ҳам самарали тиббий реабилитацияни талаб этади.
🔬 Ҳозир хасталикнинг сўнгги босқичларини бартараф этишда зарарланган бўғимга эндопротез ўрнатиш амалиётидан кенг фойдаланилмоқда. Бу юқори технологияли даво чораси ҳисобланиб, бемор операциядан сўнг ўртача 10 кун давомида шифохонада зарур тиббий муолажаларни олади.
🔎 Ана шу даврда реабилитациянинг илк босқичлари бошланади. Дастлаб шифокор кўрсатмаси билан операция қилинган оёқ махсус валик ёрдамида тегишли ҳолатда ушланади. Аввал беморга нафас олиш, мушакларни мустаҳкамловчи машқларни бажариш ўргатилади.
📎 Бу жараёнда эндопротез ўрнатилган бўғимни зўриқтириб қўймаслик ўта муҳим. Чунки нотўғри бажарилган хатти-ҳаракатлар, яъни тиббий реабилитация қоидаларини бузиш операциядан кейин яллиғланиш ўчоқлари ривожланиши, протезнинг силжиши, сурилиши, неврит, суяк ўсиши, оқсоқлик, бел оғриғи каби турли оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис шифокор кўрсатмаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.
♻️ Эндопротезлаш амалиётидан сўнг уч кун давомида бемор ётоқ режимига тўлиқ амал қилади. Бу даврда нафас олиш ва баъзи енгил машқлар билан чекланилади. 3-5-суткадан беморнинг махсус мослама ёки қўлтиқтаёқ ёрдамида қисқа масофага юришига рухсат берилади.
📌 Қолаверса, чаноқ-сон бўғими операциясида 90 даражадан кам бўлмаган бурчак остида 20 дақиқагача ўтириш тавсия этилади.
‼️ Машқлар давомида оёқлар кесишишига йўл қўймаслик учун махус ёстиқдан фойдаланилади. Ўз навбатида, операция қилинган оёқнинг тўғри бурчакдан кўпроқ эгилмаслигини таъминлаш шарт.
🕰 Мушакларни чиниқтирувчи машқларни кунига бир неча марта, 5-10 дақиқа давомида такрорлаш мақсадга мувофиқ.
✅ Шифохонадан уйга жавоб берилгач, ҳаракат-таянч тизимининг тўлақонли тикланиши учун реабилитация қоидалари муҳим. Бу даврда бўғимларга тушадиган юкламалар босқичма-босқич ошириб борилади. Бунда даволовчи мутахассис тавсияларидан фойдаланилади.
🚴♂ Уч ойдан сўнг қўлтиқтаёқни ҳассатаёқ билан алмаштириш мумкин. У 6 ойгача ҳаракатланишга дастак бўлади. Шундан сўнг шифокор бажарилиши керак бўлган янги машқлар тўпламини таклиф қилади. Сузиш, велосипед миниш ва чанғи учиш каби машғулотлар шулар жумласидан.
↪️ Реабилитация давомийлиги беморнинг ҳолати, ёши ва саломатлик кўрсаткичларига кўра фарқланиши ҳам мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.