МУБОРАКЛИК ФАЁЗА БОЛТАЕВА – ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЭНГ САРА ҲАМШИРАЛАРИ САФИДА

«Ҳамшира-2023» кўрик-танловининг республика босқичида Муборак тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлими навбатчи ҳамшираси Фаёза Болтаева иккинчи ўринга сазовор бўлди.

Бутун мамлакатнинг энг сара ҳамширалари сафида бўлиш – улкан бахт, албатта. Айниқса, ҳали 23 ёшда бўлган Фаёза учун бу – жуда катта муваффақият. Бунинг замирида изланиш, машаққатли меҳнат, элдан олинган дуолар тургани шубҳасиз.

Жонлантириш бўлими шифохонанинг энг муҳим пости ҳисобланади. Бу ерда ишлаётган ҳамширанинг елкасида доим улкан масъулият туради. Муборак тиббиёт коллежини тамомлаган Фаёза 5 йилдан бери шу тизимда мана шу масъулият юкини ҳис қилган ҳолда меҳнат қилиб келаётган фидокор мутахассисларимиздан бири.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси жамоаси Фаёза Болтаевани улкан ютуқ билан самимий табриклаб, келгуси фаолиятида ҳам зафарлар тилайди.