МИРОҚИДА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНЛИК ДАМ ОЛУВЧИЛАР ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИЛДИ

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Шаҳрисабз туманидаги “Мироқи” сиҳатгоҳида дам олаётган, Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидан ташриф буюрган 200 нафар кекса отахон ва онахонлар учун тиббий кўрик ташкил этилди.

-Туманимизга бириктирилган Қашқадарё вилояти мутасаддиларидан жуда мамнунмиз, – дейди Қўнғирот тумани нуронийлар кенгаши раиси Адилбай Нуриллаев. – Уларнинг ташаббуси билан туманимиз ободончилигига катта ҳисса қўшилмоқда, ҳудудимизда янги иш ўринлари яратилмоқда. Бизнинг шундай сўлим сиҳатгоҳда ҳордиқ чиқариб, саломатлигимизни тиклашимизга, қолаверса, тиббий кўрикдан ўтишимизга имконият яратиб берган масъулларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Тиббий кўрик жараёнида вилоят ва туман марказидан келган тор соҳа мутахассислари томонидан меҳмонлар саломатлиги назоратдан ўтказилиб, уларга зарур тавсиялар берилди.