МАТБУОТ АНЖУМАНИ: ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТИББИЙ ХИЗМАТ СОҲАСИДА ҚАНДАЙ ЯНГИЛИКЛАР БОР?

Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида “Вилоятда ихтисослаштирилган тиббий хизматни ташкил этиш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Алишер Бобоев, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг вилоят филиаллари раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Бошқарма бошлиғи А.Бобоев мавзуга доир маъруза қилди.

Қайд этилишича, тегишли меъёрий ҳужжатлар асосида вилоят даражасида ихтисосли йўналишлар бўйича замонавий юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда вилоятимизда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиаллари, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолият кўрсатмоқда.

Ўтган йилда Президентимиз қарорлари билан вилоят асаб-руҳий касалликлар диспансери ҳамда Республика наркология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий маркази вилоят филиалларига айлантирилди. Шунингдек, вилоят перинатал маркази, вилоят скрининг маркази, вилоят репродуктив саломатлик маркази ҳамда Қарши шаҳар туғруқхонаси негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят ҳудудий филиали ташкил этилди.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг қуйидаги 8 та минтақавий филиали фаолият юритмоқда:

1. Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий маркази Қашқадарё минтақавий филиали;

2. Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиали;

3. Республика ихтисослаштирилган терапия ва реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиали;

4. Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиали;

5. Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиали;

6. Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиали;

7. Республика ихтисослаштирилган нефрология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиали;

8. Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиали.

Айни пайтда марказнинг қон-томир ва кўкрак қафаси жарроҳлиги бўлими негизида 9-филиал – Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази минтақавий филиали очилиши кўзда тутилган.

 

 

 

 

Воҳамизда ихтисослаштирилган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қуйида айрим мисолларга мурожаат қилсак.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Қашқадарё филиалида 2023 йил давомида республика мутахассислари билан биргаликда 10 нафар беморда буйрак кўчириб ўтказиш амалиётлари амалга оширилди.

Ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари вилоят филиалларида 134 нафар беморга эндопротез қўйиш, 94 нафарга нейрожарроҳлик, 240 нафарга ошқозон-ҳазм тизими, 33 нафарга урологик, 791 нафарга офтольмологик, 2133 нафарга кардиожарроҳлик йўналишда юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Шу ўринда қайд этиш зарурки, вилоятда тор соҳа мутахассисларига бўлган эҳтиёж доирасида 709,25 штат вакант ҳисобланади.

 

Вилоятимизда 3 та давлат ва 1 та хусусий тиббиёт муассасасида Давлат тиббий суғурта жамғармасидан ажратилган 10 883 228 196 сўмлик маблағ ҳисобидан 1284 нафар бемор соғломлаштирилди.

Жорий йил 1 февралдан вилоятимизда яна тиббий хатлов тадбирлари бошланади. Бу тадбирлар натижасида аниқланган хавф гуруҳлари асосида ихтисослаштирилган хизматни аниқ йўналтириш имкониятлари янада ошади.

2024 йил давомида вилоятда ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янада ривожлантирган ҳолда амалга оширилган юқори технологияли операциялар сонини янада ошириш кутилмоқда. Энг муҳими, бундай амалиётлар энди вилоят марказидан олис туманларга ҳам кўчмоқда.

Вилоятимиз шаҳар ва туманларида янгидан ташкил этилаётган ихтисослаштирилган турдош бўлимлар негизида ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш такомиллаштирилмоқда.

Шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкил этиш даражасида — махсус тасдиқланган жадвал бўйича туман (шаҳар) ва вилоят даражасидаги ташкилотларнинг тор ихтисосли мутахассислари томонидан консультациялар берилиши, шунингдек, даволаш ва консультатив-диагностика йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг айрим турларини кўрсатиш йўлга қўйилган.

Муҳими, бу каби тадбирлар ихтисослаштирилган тиббий хизматни халқимизга янада яқинлаштиришга, одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишга хизмат қилади.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.