Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида “Оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокор пунктларида аҳоли саломатлигини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва ечимини кутаётган муаммолар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Тешаев ва бошлиқнинг биринчи ўринбосари Шавкат Ғаффоров журналист ва блогерларга мавзуга доир маълумотларни тақдим этди ва уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.


Қайд этилганидек, бирламчи тиббиёт муассасалари сирасига ҳудудлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари, маҳалла тиббиёт пунктлари киради.
Вилоятдаги 199 та амбулатор-поликлиника муассасасида (16 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 83 та оилавий поликлиника, 100 та оилавий шифокорлик пункти) 2508 нафар врач ва 12 714 нафар ўрта тиббиёт ходими аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатади.
Воҳамиз аҳолисига хизмат кўрсатаётган 1689 та тиббий бригада 1100 нафар оилавий шифокор, 3865 нафар оилавий ҳамшира, 1689 нафар амалиёт ҳамшираси ва 4040 нафар доядан ташкил этилган.
Жорий йилда бирламчи тиббий муассасаларидан камида 10 километр узоқликда жойлашган 95 та маҳаллада махсус контейнерлар ўрнатилиб, тиббиёт пунктлари ташкил этилиб, аҳолига қулайлик яратилди.
199 та бирламчи тиббиёт муассасасида шифокорлар ва ташриф буюрувчилар учун зарур барча шароитлар яратилиб, кундузги шифохоналар ташкил этилган.
Бунинг эвазига кундузги шифохоналарда ташкил этилган ўринлар сони 1 387 тани ташкил этиб, 2021 йил(790 та)га нисбатан 597 тага ошган. Ўз навбатида кундузги шифохоналарда даволанган беморлар сони ҳам мутаносиб равишда ўтган йилнинг мос даврига (35 644 нафар) нисбатан 21 389 нафарга ортиб 57 033 нафарни ташкил этди.
Вилоятимизда амбулатория-поликлиника муассасалари жами 24059 қабул қувватига эга. Жами 9 ойда 25 644 158 қатнов бемор қабул килинган, улардан 4 510 899 қатнови (17,5 фоизи) касалликлар сабаблидир.
Жорий йилда 38 та олис ва чекка ҳудудга 32 нафар шифокор жалб этилиб, қўшимча тўловлар тўланмоқда.


Президентимизнинг 2021 йил 26 январдаги ПҚ-102-сон қарорига мувофиқ вилоятдаги шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари таркибидаги 15 та кўп тармоқли марказий поликлиникада шифокор олди хоналари ташкил этилди, 83та оилавий поликлиникада ҳамда 100 та оилавий шифокор пунктида шундай хоналар очилмоқда.
Шунингдек, ҳудудлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларида “Профилактика мактаблари” ташкил қилиниб, унга тор соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда бемор ва уларнинг оила аъзоларига эндокрин касалликни бошқариш усулларини ҳамда касаллик билан яшашни ўргатиш, эндокрин касалликларда соғлом турмуш тарзининг аҳамияти бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида воҳамизнинг барча туманларининг олис ҳудудларида “Тиббиётдаги ислоҳотлар — инсон қадри учун!” шиори остида, вилоят марказидан бораётган малакали тор мутахассислар иштирокида ташкил этилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар аҳолига қулайлик яратиш билан бирга бирламчи бўғин ишига катта амалий ёрдам бўлмоқда.
16 та кўп тармоқли марказий поликлиникада аёллар орасида кенг кўламли бирламчи текширишларни амалга оширадиган “Онко-назорат” хоналари ташкил этилиб, зарурий жиҳозлар билан таъминланди.
Бугунги кунда бирламчи бўғин муассасаларида Миллий эмлаш тақвимига киритилган 13 хил турдаги вакцинадан ташқари Гепатит А, грипп ҳамда COVID-19га қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 25 майдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5124-сонли қарорига асосан бирламчи тиббий-санитария муассасалари 124 турдаги дори воситалари, тиббий буюмлар билан бепул таъминланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида воҳамиз бўйича бирламчи муассасаларга 35,5 миллиард сўмлик дори воситалари ва тиббий буюмлар етказиб берилди.
Бирламчи тизимга рақамлаштиришни жорий этиш орқали аҳолига қулайликлар яратиш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Барча кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокор пунктлари юқори тезликдаги интернетга уланган, уларда локал тармоқ яратилган. Бирламчи бўғинда электрон ордер бериш тизимининг йўлга қўйилганлиги ортиқча оворагарчиликка барҳам бериш билан бир қаторда мазкур йўналишда шаффофликни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Яқиндан бошлаб касаллик варақасини онлайн киритиш тизими ишга тушди.
Яқинда ўтказилган видеоселекторда Президентимиз мамлакат бўйича икки ой муддатда 300 та маҳаллада тиббиёт пунктларини ташкил қилиш, келгуси йил 1 мартга қадар бундай тиббиёт пунктларини оилавий поликлиникалардан 10 километр узоқликда жойлашган 272 та маҳаллада ҳам барпо этиш, 30 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникасини ташкил этиб, уларни жиҳозлаш, келгуси йилда яна қўшимча 140 та шундай муассасани ташкил этиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини яхшилаш бўйича уч йиллик дастурни ишлаб чиқиш, Вазирлар Маҳкамасига ҳамшираларни ўқитиш ва малакасини ошириш, меҳнатига ҳақ тўлаш, умуман, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш масалаларини ўз ичига олган қарор лойиҳасини тайёрлаш сингари бир қатор масалалар бўйича топшириқлар берди. Бу топшириқлар асосида вилоятимизда бир қатор хайрли ўзгаришлар амалга оширилиши кутилмоқда.
Бирламчи бўғинда учраётган айрим муаммолар ечими бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда.
Ғузор, Деҳқонобод, Косон, Касби, Китоб, Миришкор, Муборак, Нишон, Кўкдала, Чироқчи, Қамаши, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманларидаги 47 та оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пунктлари жами 155 дона “буржуйка” печлар асосида иситилади. Уларни замонавий тежамкор иситиш қозонларига алмаштириш учун маҳаллий бюджетдан 6,3 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.
Олис ва узоқ ҳудудларда жойлашган 24 та тиббиёт муассасасида қуёш панеллари ва қуёш сув иситкичларини ўрнатиш учун маҳаллий бюджетдан 1,6 миллиард сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган.
Вилоятда 952 нафар шифокор ўрни вакант. Айниқса бирламчи тизимда бу муаммо жуда долзарб аҳамият касб этади. Шифокорлар малака ошириш ва амалиёт учун бошқа ҳудудларга юборилмоқда.
Ушбу муаммонинг ечими сифатида “DR BOBOEV HEALH CENTER” МЧЖ ва Neo Institute of Medical Sciences and Technology (Ҳиндистон), Истанбул Соғлиқ билимлари университети (Туркия)нинг таъсисчилигида Қарши шаҳрида нодавлат халқаро тиббиёт университетини ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди.
Шунингдек, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг 6-курс битирувчи талабалари ҳисобидан кадрлар етишмовчилиги қисман бартараф этилмоқда (воҳамизга 168 нафар 6-курс битирувчи талабалари келиши кутилмоқда).

Матбуот анжуманида журналист ва блогерларни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб берилди, таклифлар бўйича фикр алмашилди.