КЎЗ ШИФОХОНАСИДА ЯНГИ НОЁБ ТИББИЙ УСКУНА ОРҚАЛИ ОПЕРАЦИЯЛАР ЎТКАЗИЛДИ

Республика кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида замонавий “Legion” тиббий ускунаси апробациядан ўтказилди.

Икки кун давомида филиалнинг малакали шифокорлари марказ мутахассиси Муроджон Темиров ёрдамида мазкур ускунани қўллаган ҳолда жами 23 нафар беморда юқори технологияли гавҳар алмаштириш операцияларини муваффақиятли ўтказишди, шунингдек, 100 дан ортиқ беморга зарур тавсиялар беришди.

-Янги ускуна орқали юмшоқ, стандарт ва қаттиқ катаракталарнинг барчасини олиш имкони мавжуд, – дейди филиал шифокори Шокир Лутфуллаев. – Шишасимон тана бўлакларини олиш борасида ҳам анчагина енгилликлар беради.

Эслатиб ўтамиз, кейинги йилларда филиалга келтирилган факоэмульсификатор, ОСТ кўз томографияси, яшил лазер ускунаси сингари ноёб тиббий техникалар бу ерда тиббий хизмат сифатини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.